Бу масала жуда муҳим бўлиб хўжаликларда пода сонини кўпайтириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни бир меъёрда олиб боришнинг асосий мезони ҳисобланади. Урғочи ҳайвон тўлиқ пуштсизлиги жуда кам учрайди. Қисир қолиш ва сигирларнинг ўз вақтида қочирилмаслиги кўп жиҳатдан озиқлантириш, сақлаш соҳасидаги камчиликлар, ёки касаллик натижаси бўлиши мумкин. Сигирларнинг қисир қолиши кўп жиҳатдан буқалар қочириш қобилиятининг паст бўлиши, уруғлар сифатсизлигида бўлиши мумкин.
Қисир қолишни олдини олиш учун қочириш, туғиш жараёнларини ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиб бориш зарур. Умуман олганда ҳар бир қисир сигирни текшириб, муаммо сабабини аниқлаш ва чоралар кўриш қисир ҳайвонлар сонини камайтириш имконини беради.
Хўжаликларда озиқлантириш ва сақлаш шароитлари меъёрида бўлган тақдирда, қисирлик сабабларини бошқа жойдан излаш керак. Мисол учун сигирлар жинсий аъзолари касаллиги, ёки генетик касалликлари қисирлигига сабаб бўлиши мумкин. Жинсий аъзолари касалланган сигирлар ажратиб даволаниши шарт.
Қорамоллар подасини қайта тиклашга сигир ва ғуножинларнинг бола ташлаши салбий таъсир кўрсатади. Бола ташлашнинг бош сабаблари бўлиб озиқлантириш ва сақлашда йўл қўйиладиган қўпол ҳатолар сабаб бўлади.
Бруселлёз, вибриоз каби юқумли касалликлар ҳам бола ташлаш сабаби бўлиши мумкин. Бўғоз сигирлар ва ғуножинлар тўлиқ рационлар асосида озиқлантирилиши шарт. Айниқса бўғозликнинг иккинчи даврида бу омил муҳим аҳамият касб этади.
Бўғоз ҳайвонларни тўғри асраш ҳам бола ташлашни олдини олишда катта ўрин тутади. Бунинг учун улар, қуруқ, ёруғ ва иссиқ биноларда гуруҳлаб сақланади. Молхоналар полига алоҳида эътибор берилади. Бўғоз ҳайвонларга музлаган, чириган, моғорлаган озиқалар, музлаган сув берилиши, ёки совуқ пайтларда музлаган ўтли яйловларда боқиш ҳам бола ташлашга сабаб бўлиши мумкин.
Сигирлар қисир қолиши кўп жиҳатдан буқалар қочириш қобилиятининг паст бўлиши, уруғлар сифатсизлигида бўлиши мумкин.
Манба: «Чорвачилик асослари», И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров
[print-me]
