Қутуриш — қутуриш вируси қўзғатадиган вирусли касаллик, иссиқ қонли ҳайвонлар ва одамларда учрайди. Касалланган ҳайвонлар тишлаганда сўлаги орқали юқади. Вирус юқганда марказий нерв системасининг оғир прогрессив шикастланиши кузатилади. Вирус шикастланган тери орқали нерв охирларига ҳаракатланади ва улар орқали мия ва орқа мияга ўтади. Касаллик инсонлар учун ҳалокатли ҳисобланади ва касалликни фақатгина фавқулодда эмлаш билан олдини олиш мумкин.
Қутуриш — ҳар йили минглаб ўлимга сабаб бўлган ҳаёт учун хавфли касаллик. Итлар вирусни энг кенг тарқатадиган ҳайвонлардир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 59 000 киши қутуриш касаллигидан вафот этади. Уларнинг 99% и қутурган ит томонидан тишланган. Бироқ, ҳайвонлар ва инсонлар учун вакцина мавжудлиги қутуриш ҳолларда ўлим кўрсаткичларининг камайишига олиб келди.
Қутуриш касаллигини юқтириши мумкин бўлган ҳайвонлар
Касалликнинг ҳайвонлардаги асосий симптоми ҳайвоннинг хулқи ўзгариши ҳисобланади: яхши уй ҳайвони тажовузкор, ёввойи ва тишлаш учун тайёр бўлади.
Ҳам ёввойи, ҳам уй ҳайвонлари қутуришнинг вирусини тарқатиши мумкин. Қуйидаги ҳайвонлар одамларда қутуриш касаллигининг асосий сабабчиларидир:
- итлар;
- кўршапалаклар;
- мушуклар;
- сигирлар;
- эчки;
- отлар;
- қуёнлар;
- қундузлар;
- бўри;
- чиябўри;
- маймун;
- скункс.
Қутуришни даволаш мумкинми?
Қутуришни келтириб чиқарувчи вируси юқганидан кейин, инсонда касалланишни олдини олиш учун бир қатор инъексиялар қилинади. Вирус билан курашиш учун қутуришга қарши иммуноглобулин берилади. У қутуришга қарши антитаналарни дарҳол беришга имкон беради ва вируснинг кириб боришини олдини олади. Кейин қутуришга қарши эмлашни олиш бу касалликнинг олдини олишнинг калитидир. Қутуришга эмлашлар 14 кун давомида бешта инъексия кетма-кетлигида берилади.
Ҳайвонларни назорат қилиш хизмати, кишини тишлаган ҳайвонни текшириш учун топишга ҳаракат қилади. Ҳайвон қутурмаган бўлса, киши инъекциялардан қутулиши мумкин. Бироқ, ҳайвон топилмаса, энг хавфсиз ҳаракат чораси — бу даволашни қабул қилишдир.
Қутуришга қарши ваксина қанча барвақт олинса шунча касалликнинг олдини олиш эҳтимоли юқори бўлади. Шифокорлар жароҳатни совун ва сув ёки ёд билан камида 15 дақиқа давомида ювиш орқали даволашади. Кейин улар иммуноглобин юборишади ва қутуришга қарши эмлаш учун бир қатор инъексиялар бошланади.
Қутуришни қандай олдини олиш мумкин?
Қутуришни олдини олиш мумкин. Қутуриш билан касалланишдан қочиш учун бир неча оддий қадамлар мавжуд:
- Уй ҳайвонларини эмлаш;
- Ёввойи итлар ҳақида ҳайвонларни назорат қилиш хизматига хабар бериш;
- Йиртқич ҳайвонлар билан мулоқот қилишдан сақланиш;
- Уй яқинига ва уйга кўршапалак киришига йўл қўймаслик.
Манба: mymedic.uz