Беда ер унумдорлигини ошириш ва чорва озуқа базасини яратишда асосий экин ҳисобланади. Уч йил давомида бир гектар майдонда 600–900 кг соф азот тўплайди. Тупроқ донадорлигини тиклаб, сув-физик хоссаларини яхшилайди. Эриши қийин бўлган фосфорли бирикмаларни парчалаб, уларни кейинги экинлар ўзлаштириши учун тайёрлаб беради. Тупроқни турли касаллик тарқатувчи инфекция унсурлардан тозалайди. Беда билан боқилган чорва молларининг маҳсулдорлиги, гўшти ва сутининг сифати ошади.
Экиш учун тавсия этилган навлар: тупроқ-иқлим шароитига қараб Тошкент-1, Тошкент-1728, Тошкент-2009, Хоразм-2, Қорақалпоқ-15, Аридная ва Бойгул навларидан бири экилади.
Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш
Беда уруғи майда бўлгани учун 1000 донасининг вазни 1,5-2,2 граммни ташкил этади. Уруғлар бегона ва карантин ўтлар, айниқса, зарпечак уруғидан яхшилаб тозаланган, намлиги 13-14 % ва унувчанлиги камида 93-95 % атрофида бўлиши керак.
Баҳорги беда экиш учун ер кузда камида 15-20 см чуқурликда юмшатилади. Агар техника кираолса 30-40 см чуқурликда шудгор қилинади. Юмшатиш олдидан ернинг ҳолатига қараб, 1 м2 майдонга 5-10 кг гўнг, фосфорли (суперфосфат, супрафос, аммафос: 1 м2 га 100 г соф ҳолда) ҳамда калийли (1 м2 га 50 г соф ҳолда) ўғит солиш мақсадга мувофиқ. Қор-ёмғир сувлари билан тўйинган ер февралнинг охири-март ойининг бошларида енгил чопиқ қилинади. Кесаклар майдаланиб, майин тупроқ олинади.
Беда асосан 2 муддатда — эрта баҳорда: февралнинг охири мартнинг боши ва кузда: августнинг охири ва сентябрнинг боши экилади.
Экиш меъёри: кенг қаторлаб, 60 см кенгликда экилганда 1 сотих га 150–160 г, ёппасига экилганда – 200 г. Экиш чуқурлиги 2–3 см. Уруғни бу меъёрдан чуқурроқ экиш тавсия этилмайди. Чунки уруғнинг униб чиқиши қийин кечиб, кўчат сийрак бўлади.
Ёппасига экишда ер текисланиб, уруғ сепилади. Уруғга қум аралаштириб бир текисда сепилади. Томорқа майдонинг узунасига ва кўндалангига қараб юриб уруғни сочган маъқул. Шунда уруғ текис сепилади.
Уруғ сепилгач, тупроқ хаскашланади. Хаскашлаш ҳам олдин узунасига кейин кўндалангига амалга оширилади. Рўзғорда бор бўлган тахта ёки енгил ёғочлардан мола ясаб, тупроқ енгил молаланади. Пушта кенглиги 60 см. дан катта бўлмагани маъқул. Акс ҳолда, пушта ўртасига нам етиб бориши қийинлашади.
Беда экилган майдонга яхши чириган гўнгни сепиш яхши самара беради. Бу биринчидан, ер ва униб чиқадиган ниҳоллар учун озуқа бўлса, иккинчидан, ёмғирдан кейин қатқалоқ бўлишининг олдини олади. Чиримаган гўнгни томорқага солиш асло мумкин эмас. Чунки унда бегона ўт уруғи кўп бўлиб, далани ўт босишига олиб келади.
Беда экинини суғориш
Баҳорги экишда ернинг нами етарли бўлса, экишдан кейин суғориш тавсия этилмайди. Намлик кам бўлса, суғориш керак. Ариқдан суғориш имконияти бўлмаса, кичик майдонларда кун оралатиб лейка ёрдамида ёмғирлатиб суғориш орқали ҳам бедани ундириб олиш мумкин.
Ер қатқалоқ бўлишига йўл қўймаслик керак. Қатқалоқни енгил сув бериш орқали бартараф этиш мумкин. Ҳаво ҳароратига қараб (5–8°С) беда 7–8 кунда униб чиқа бошлайди. Майсаларнинг бўйи 10–12 см га етганда албатта суғориш керак. Суғориш давомийлиги 10–12 соатдан ошмаслиги керак. Бостириб суғориладиган майдонларда сувнинг қалинлиги 8–10 см дан ошмаслиги зарур. Нам юқори бўлиши уруғнинг димиқиб, чиришга, нам етишмаслиги эса уни палағда бўлишига олиб келади.
Тупроқ-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда, биринчи ўримга қадар, камида 2–3 марта суғориш талаб этилади. Меъёрдан ошиқча суғориш кўчат сонининг сийраклашишига ва бегона ўтлар кўпайишига, кам суғориш эса униб чиққан ниҳолларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Суғориш жараёнида биринчи йилги бедаларнинг 1 сотихига соф ҳолда 300–400 грамм азотли ўғит бериш тавсия этилади.
Беда ўримини ташкил этиш
Биринчи йилги беданинг ўрими ниҳолларнинг 40–50 фоизи гуллаганда бошланади. Ўриш олдидан томорқа ери лой бўлмаслиги керак. Ўроқ ёки чалғи ўткир бўлиши шарт. Бедани жуда паст ўриш тавсия этилади. Иложи бўлса, бедани чалғида эмас, ўткир ўроқда ўрган маъқул. Бедани ернинг юзасига тақаб ўриш, битта ниҳолдан кўплаб янги ён новдалар ҳосил қилиш имкониятини яратади.
Ўрилган кўк масса дарҳол чорва молларига берилиши мумкин. Агар бунга эҳтиёж бўлмаса, томорқада маълум муддат қолдирилиб қуритилгач, қишки мавсумга боғ қилиб ғарамлаш керак. Биринчи ўрим ва кейинги ўримлар ҳосили йиғиштириб олинган кейин, майдонни ўсимлик қолдиқларидан тозалаш ва албатта суғориш зарур.
Манба: mehnat.uz