Мамлакатимиз аҳолисининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондиришда чорва молларини турли касалликлардан ҳимоялаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ветеринария тадбирларини ўтказиш катта роль ўйнайди.
Республикамизда чорвачилик билан шуғулланувчи барча фермер, ширкат хўжалиги мутахассисларига ёз фаслида қуйидаги чора-тадбирларни ўтказишни тавсия этамиз.
Қорамолчиликда: Ёз фаслида қонпаразитар касалликларни чақирувчи Hyoloma авлодига мансуб қон сўрувчи каналарнинг кўпайиш даври энг авжига чиқиши сабабли қорамолларнинг ушбу касалликлар билан зарарланишининг кўпайиши ва касаллик оғир ўтиш ҳолатлари кузатилади. Ёз фасли келиши биланоқ ферма ва унинг атрофини ободонлаштириш, каналарнинг ривожланиши учун қулай бўлган биотопларни йўқотиш, яйловларда санация ишларини олиб бориш лозим.
Иссиқ кунлари каналарга қарши юқори самарадор акарицид препаратлардан (Циперметрин, Неацидол, Цимбуш) бири билан қўлланма асосида молларни чўмилтириб туриш зарур.
Касалланган моллар ҳар куни клиник кўрикдан ўтказилиб, кунига 2 мартадан (эрталаб, кечқурун) тана ҳароратини ўлчаш ва даволаш чораларини кўриш керак.
Бузоқлар ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши билан намоён бўладиган диспепсия, оғиз сути (увиз) токсикози, гастроэнтероколит ва бошқа касалликларни даволашда бузоқларнинг мускул орасига ҳар куни 20 мл оқсил гидролизатидан юборилади.
Сигир ва ғунажинлар бўғозликка ректал текширилиши лозим, агарда сигирларнинг қисир қолиш сабаблари аниқланса, улар ажратилиб 0,5% Фуразолидон эритмаси билан молларнинг териси остига 2 мл. дан 3 марта кунора инъекция қилиш ҳамда бачадонини массаж қилиш мақсадга мувофиқдир.
Қўйчиликда: Қўйларнинг псороптоз, саркоптоз ва демодекоз каби қўтир касалликларининг олдини олиш ва даволаш мақсадида, кунига икки марта 9-10 кун давомида «Циперметрин» препарати билан чўмилтириш ёки «Ивомек» препаратини инъекция қилиш зарур.
Эстроз касаллигига қарши циперметрин препаратининг 0,015 фоизли сувли эмульцияси билан нафас йўлларига шприц ёрдамида 10-20 мл/бош ҳисобига 1-2 карра юбориш лозим. Гельминтоз касалликлари чорва моллари орасида кенг тарқалган бўлиб, улар моллар маҳсулдорлигининг пасайиши, айрим ҳолларда эса мол “чиқим”га сабаб бўлади.
Ҳайвонлардан инсонга ва айниқса, чорвадорлар оиласи учун хавф туғдирадиган зооноз гельминтозлар – эхинококкоз, ценуроз, цистицеркоз касалликларига қарши кураш чора-тадбирлар тизимини тўлиқ ва сифатли амалга ошириш ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Мол сўйиш ва ёриб кўришни махсус жойларда ўтказиш, молларнинг эхинококкоз, цистицерк билан зарарланган ички аъзолари ҳамда ценуроз касаллиги билан касалланган моллар бошини куйдириб ёки қайнатиб зарарсизлантириш керак. Уларни итларга едиришга асло йўл қўймаслик керак.
Гельминтозооноз касаллигининг олдини олиш учун бир қатор комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бу тадбирлар асосида, ёввойи гўштхўр ҳайвонларни ҳамда дайди итларни йўқотиш, отарлардаги чўпон итлар сонини камайтириш лозим.
Қўтонлар атрофини бит, бурга, чивин, қўтир каналари ва бошқа касаллик қўзғатувчиларни йўқотиш учун неацидол, цимбуш, циперметрин, креолин каби препаратлар билан дезинфекция қилиш ҳамда ёз кунлари қўйларни чўмилтириш фойда беради.
Манба: «Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги» журнали 7-сон 2019 йил, С.Мавланов, Б.Элмуродов, А.Нуруллаев, Ветеринария илмий-тадқиқот институти