Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган неъматлари чексиз ва беҳисобдир. Мазкур беадад неъматлардан бири эса ўз бандаларига савоб захираларини бойитиб олишлари учун тақдим этган ўзига хос эзгулик ва яхшилик мавсумларидир. Ҳақ таоло Ўзининг илми азалийсида инсон зотининг заифлиги, гуноҳлар чангалига тушиб қолишга мойиллигини билган, уларга гуноҳлари ўчирилиб, ажру савобларининг қат-қат орттириб берилишига сабаб бўладиган махсус мавсумлар инъом этди. Ана шундай эзгулик мавсумларидан бири зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги ҳамда унда амалга ошириладиган қурбонлик амалидир.
Қурбонлик қилишда кишининг ўзи ва оила аъзоларига байрам кунида кенгчилик яратиш, ночор мусулмонлар орасида раҳм шафқат ва муҳаббат уруғларини экиш, қалбларга сурур ва шодлик олиб кириш каби бир қатор эзгу ишлар мужассамдир.
Қурбонлик учун чорва ҳайвонлари сўйилади. Улар: туя, сигир ва қўйдир. Бунда уларнинг эркак ва урғочи жинслари тушунилади. Қўй деганда эчкилар ҳам назарда тутилади. Демак, туя, сигир, қўй ва эчкилар қурбонликка яроқли ҳайвонлар ҳисобланади. Шунингдек, буқаларнинг буйвол деб аталувчи айрим турлари ҳам қурбонлик қилиниши жоиз.
Қурбонлик қилинувчи ҳайвоннинг шаръан эътиборли бўлган ёшга кирган бўлиши шартдир.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Фақат мусиннани сўйинглар. Илло, агар бу иш сизларга қийин келса, қўйдан жазаъ бўлганини сўйсангиз ҳам бўлаверади». «Мусинна» деб туя, мол, қўй ва эчкилардан «саний» ёшига тўлганларига айтилади.
Юқоридаги ҳадисга биноан, туя, сигир ва эчкидан фақат «саний» ва ундан юқори ёшда бўлганларигина қурбонликка яроқли ҳисобланади. Қўйдан эса «жазаъ» ва ундан юқориси қурбонликка ўтади. Демак, туянинг «саний»си деб туғилганига 5 йил тўлгани айтилади. Сигир ва буқанинг «саний»си эса туғилганига 2 йил тўлгани бўлади. Қўй ва эчки эса 1 йилда «саний» бўлади. Қўйдан «жазаъ» бўлгани туғилганига 6 ой тўлиб, еттинчи ой кетганидир. Шунга кўра, туя (қамарий йил бўйича) 5 ёшга кирган бўлиши, сигир ва буқалар 2 ёшга тўлган бўлиши, қўй эса камида 6 ойлик бўлган бўлиши талаб этилади.
Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак. Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилгай.
Уламолар қуйидаги сифатга эга бўлган жониворларнинг қурбонликка ярамаслигини айтадилар:
- Шапкўр жонивор;
- Кўзи кўр жонивор;
- Оқсоқлиги билиниб турадиган даражада оқсоқ жонивор;
- Бир оёғи кесилган жонивор;
- Касаллиги кўриниб турган касал жонивор;
- Оёқда туролмайдиган даражада қилтомоқ бўлиб қолган, мажолсиз жонивор;
- Қулоғининг ҳаммаси ёки бир қисми кесилган жонивор;
- Шоҳи кесиб ёки суғуриб олинган жонивор. Аммо ўзи шоҳсиз туғилган бўлса, қурбонликка ярайди;
- Бурни кесиб олинган жонивор;
- Думи кесиб ташланган жонивор. Аммо ўзи думсиз яратилган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз. Гарчи айрим уламолар буни ножоиз санаган бўлсалар ҳам;
- Думбаси кесиб олинган жонивор.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қурбонликка сўйиладиган жонивор ўзига озор етказадиган, семириб ёғ бойлашига монеълик қиладиган ва баҳосини туширадиган барча айб-нуқсон ва касалликлардан холи бўлиши керак. Салафи солиҳлардан нақл қилинганки, улар қурбонликка сўйиладиган жониворнинг ҳар қандай каттаю-кичик айблардан холи бўлганини танлар эдилар. Агар жониворда биронта арзимас айб топилса ҳам, уни қурбонлик қилишни кариҳ кўрардилар.
Манба: sof.uz
[print-me]
