Ҳозирги кунда кўплаб гилос боғларига қушлар томонидан жуда катта талофатлар келмоқда. Боғларнинг жойлашган жойига қараб бу зарар даражаси турлича бўлмоқда. Қушларнинг гала бўлиб боғларга келиши ҳосилнинг ярмигача йўқотилишига олиб келмоқда. Қушлардан боғларни ҳимоя қилиш харажатлари ҳам кўтарилиб бормоқда.
Қушлардан ҳимоя қилишнинг асосий шарти бу боғни қушлар учун ноқулай муҳитга айлантиришдир. Бунинг учун паст частотали товушлар чиқарувчи мосламалардан фойдаланиш қушларни боғлардан узоқлаштиради. Бу усулнинг авфзаллиги қушларнинг нобуд бўлмаслигидир. Бундан ташқари инсонлар учун бундай товушларнинг зарари йўқ ва деярли эшитилмайди ҳам. Ушбу мосламаларнинг баъзилари бургут ва лочин товушларини ҳам чиқара олади.
Қушлардан ҳимоянинг яна бир усули бу жуда баланд овоз берувчи мосламалардан фойдаланишдир. Бундай ускуналар пропан газида ишлайди ва газнинг портлаш товуши натижасида қушлар боғлардан қувилади. Товушларнинг баландлиги 110-120 децибелни ташкил қилади ва қушлар бундан қўрқиб боғдан узоқлашади. Ускунани товуш чиқариш оралиғини 2 дақиқадан 20 дақиқагача бўлган интервалда мослаш мумкин. Бу ускунани ўрнатиш ва ундан фойдаланиш осондир ва у ҳар қандай иқлим шароитида ишлай олади. Аҳоли пунктларига яқин жойларда баланд овоз чиқарувчи мосламалардан фойдаланиш тавсия этилмайди. Турли мосламалар орқали қушларни қувишнинг камчилиги бу вақт ўтиши билан қушларни турли товушларга мослашиб қолишидир.
Энг қиммат усуллардан бири эса бу боғни сетка билан ўрашдир. Сеткаларнинг катаклари катта бўлганлиги сабабли ёруғлик ва ҳаво айланишига ҳеч қандай тўсқинлик бўлмайди. Бундай сетканинг катаклари 10-10 мм дан 17х17 мм гача бўлади. Гилос боғларини сетка билан ўрашнинг яна бир асосий авфзаллиги бу мевани дўлдан ҳимоя қилишдир. Баҳорда дўл ёғиши хавфи мавжуд бўлган жойларда гилос боғлари сетка билан ёпиш яхши фойда беради, акс ҳолда дўллар катта зарар келтириши мумкин.
Манба: «Замонавий интенсив гилос боғлари» қўлланмаси, Аброров Ш.