Олхўри меваси данакли мевалар ичида энг кўп тарқалганларидан биридир. Ўзбекистон шароитида олхўри барвақт ҳосилга киради. Бошқа данакли меваларга нисбатан кечроқ гуллаб, ҳар йили ҳосил беради. Ҳосилни янгилигида истеъмол қилиш билан бирга мевасидан ҳар хил қоқлар олинади. Яна ундан жем, мураббо, компот, шарбат сувлари тайёрлаш мумкин. Мевасида витаминлар, органиc кислоталар, углеводлар ва оқсиллар кўп бўлади.
Ўзбекистонда олхўрининг бир неча хил турлари етиштирилади, қуйида уларни кўриб чиқамиз:
Бертон – кечпишар олхўри нав. Меваси сентябр бошида пишади. Мевалар йирик (50-55гр), тескари тухумсимон шаклда ва тўққизил рангли бўлади. Эти зарғалдоқ-сариқ, ўртача серсув ва таъми ширин ва хушбўй ҳидли бўлади. Сақлашга ва ташишга чидамли. Олхўрини янгилигида истеъмол қилиш тавсия этилади ҳамда бу мевадан консервалар тайёрланади. Олхўри кўчати экилгандан кейин 4-йили ҳосилга киради. Дарахти жуда катта эмас, баландлиги 5-5,5м, шох-шаббаси силлиқ пирамида шаклида бўлади. Мамлакатимизнинг барча вилоятларида экиш учун тавсия этилади.
Исполин – навининг дарахти пирамидал шаклида баланд бўйли бўлиб ўсади. 3-5 йилидан ҳосилга кира бошлаб, 6-7 йилга келганда тўлиқ ҳосил беради. Меваси ҳам шох-шаббасига ўхшаш чўзиқ, тескари тухумсимон, зираксимон чиройли бўлади. Бир дона меваси вазни 50-55гр бўлади. Бу нав сақлашга ва ташишга чидамайди. Меваси янгилигида ейилади ва консерва қилинади. Дарахтлари бошқа навларга қараганда совуққа чидамли. Касаллик ва зараркунандаларга ўта чидамли. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экиш учун тавсия этилган.
Самарқанд қора олхўриси. Дарахти кучли ўсувчан, экилганидан кейин 4-йилидан ҳосил беради. Шох-шаббаси сийрак, бақувват сершох бўлади. Меваси йирик (43гр), узунчоқ-овал шаклда, қора-кўкимтир тусда бўлади. Қобиғининг тагида тилласимон нуқталари, дағал мўл доғлари бўлади. Мевалар тахминан 10-15 сентябрда пишиб етилади. Мевасини универсал мақсадларда ишлатса бўлади.
Эртаги кўк рангли олхўри (Ранная синая) – энг яхши хўраки навлардан бири бўлиб, июл ўртасида пишади. Дарахтлари катта, совуққа анчагина чидамсиз бўлади. 3-4 ёшида ҳосилга киради ва ҳар йили яхши ҳосил беради. Меваси овал шаклда чиройли тўқ кўк рангда. Бу навдаги олхўрилар сақлашга ва ташишга чидамли бўлади. Меваси янгилигида ейиш тавсия этилади. Яна улардан қуритиб консерва қилиш мумкин.
Манба: mygarden.uz
[print-me]
