Дағаллашув сабаблари турлича бўлиши мумкин, уларга совуқ об-ҳаво, юқори намлик, совуқ уриши, пестицидлар, вируслар, замбуруғ ва бактериялар мисол бўла олади. Асосий омиллардан бири бу навларнинг дағаллашувга бўлган генетик мойиллигидир. Бунда навлар дағаллашувга мойиллиги билан фарқланади. Юқорида айтилган омиллардан турли навлар турлича таъсирланиши мумкин.
Пўстлоқ дағаллашуви — гулбарг тўкилишидан кейин, аввалги 10-30 кун ичида кейин пайдо бўлади. Шикастлангандан кейин, эпидермиснинг пастки қисмида пробкалашган, жигарранг ҳужайралар қатламини ҳосил қилади. Пробкалашган ҳужайралар ривожланган сари ташқарига бўртиб чиқиб, мева пиша бошлаганда кўрина бошлайди.
Эрта пайдо бўлган дағаллашув натижасида мева пўсти юпқалашиб, таранг холатга келади. Мева йириклашган сари мева сатҳида ёриқлар пайдо бўлишни бошлайди. Кейинчалик бу ёриқлар замбуруғ ва бактерияларни мева ичига сизиб киришига ва мева чиришига йўл очиб беради.

Дағаллашув кеч пайдо бўлганда эса пўстлоқда ёриқлар хосил бўлмайди, аммо мева юзаси жигарранг тусга кириб дағаллашади.
Пушти ғунча давридан бошлаб, гулбарг тўкилганидан кейинги уч хафтада ичида, совуқ (минус даража бўлмаса ҳам) ҳарорат ва мева юзасининг нам бўлиши, дағаллашувни келтириб чиқариши мумкин. Бундай об-ҳаво, дағаллашувга тўғридан-тўғри сабаби бўлиши ёки уни қўзғатувчи бактерияларни ривожланишига шароит яратиб бериши мумкин.
Ун шудринг қўзғатувчиси Podosphaera leucotricha замбуруғи ҳам дағаллашувга сабаб бўлиши мумкин. Бу каби дағаллашув ун шудрингга мойил бўлган навларда кўп учрайди. Ун шудринг касаллиги сабабли юзага келган дағаллашув кулранг тусда бўлиб, тўр кўринишида бўлади.
Ўсимлик гормони бўлган индолил уксус кислотасини катта миқдорда ишлаб чиқарувчи Erwinia herbicola ва Pseudomonas лар билан бир қаторда, бир неча хил бактерия турлари ҳам дағаллашувни келтириб чиқариши мумкин.

Совуқ об-ҳаво ва мева юзаси намлиги туфайли юзага келган дағаллашув кўпинча сачраган ёмғир томчилари шаклидаги пробкасимон ғуборли доғлар кўриншида бўлади. Бу доғлар асосан мева бандининг чуқурчасида кузатилади. Мевани тўлиқ ёки қисман камар каби ўраб олувчи дағаллашув асосан совуқ уриши натижасида пайдо бўлади. Юқори ҳаво ҳарорати ва азотли ўғитларни меъёрдан кўп қўллаш ҳам дағаллашувга сабаб бўла олади.
Пестицид қўллаш сабабидан ҳосил бўлган дағаллашув, меванинг пастки қисмларида яъни сепилган препарат томчилари кўпинча тўпланган ерда учрайди. Эмулсияли концентрат шаклидаги пестицидлар, намланувчи кукун шаклидаги пестицидларга нисбатан дағаллашувга кўпроқ сабаб бўлади. Шунингдек, ҳаво намлиги юқори бўлганда ёки ҳаво ҳарорати 30 даражадан юқори бўлганда пестицидлар қўлланмаслиги лозим.
- Кимёвий кураш чоралари: Гуллаш даврида Манкоцеб ёки Промалин қўлланилганда, дағаллашувни назорат қилишда ёрдам беради.
- Биологик кураш чоралари: Pseudomonas fluorescens нинг A506 – штамби бактериал куйишга қарши қўлланганда дағаллашувнинг камайишига ёрдам бериши мумкин.
Манба: Нодир Аловитдинов, agromart.uz