Юртимизда кейинги пайтларда интенсив боғларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги мевачиликда паст бўйли дарахтдардан ташкил топган боғлар энг истиқболли ҳисобланади. Интенсив боғлар илғор агротехника усулларини яъни сув озуқа режими, махсус шакл бериш ва буташ жараёнини талаб этади.
Паст бўйли дарахтлар 2 гуруҳга бўлинади: табиий ва сунъий. Бу дарахтлар шох-шаббаси кичик ҳажмли бўлиб, барвақт ҳосилга кириши билан ажралиб туради.
Меваларнинг паст бўйли бўлиши уларни парваришлашда: буташ, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш, ҳосилни йиғиб олиш каби ишларни осонлаштириб вақтдан унумли фойдаланишга имкон беради. Лекин эркин ўстирилган паст бўйли дарахт боғларида қаторлар ораси яқин бўлганлиги учун ерга ишлов бериш жараёни қийинлашади.
Паст бўйли пайвандтагларда ўстирилган дарахтлар оддий дарахтларга қараганда 4-5 йил, ярим пакана пайвандтаглардагига нисбатан эса 2-3 йил эртароқ ҳосилга киради. Масалан: беҳига пайвандланган нок кўчати ўтқазилгандан 3-4 йил ўтиб ҳосилга киради. Бунинг сабаби шуки, паст бўйли дарахтларнинг ерусти қисмларида ҳужайра ширасининг юқори консентрациясида бўлиши эрта бошланади. Шунинг учун ҳам уларнинг эрта ҳосилга киришини таъминлайди.

Интенсив боғ дарахтларининг характерли хусусияти уларнинг кичик бўлишидир. Оддий ва паст бўйли дарахтлар дастлабки йилларда деярли бир хилда ўсади.
Лекин ўсишдаги фарқ секин-аста сезила бошлайди ва дарахтлар ҳосилга киришида бу яққол кўринади. Паст бўйли дарахтлар оддийларига нисбатан 2 баробар кичикроқ ва шох-шаббаси икки ярим баробар ингичкароқ бўлади. Аммо дарахтларнинг ўсиши фақат пайвандтагларга эмас, балки, пайвандустга ҳам боғлиқ бўлади. Паст бўйли дарахтларнинг ҳосил беришида солкашлик (бир йил ўтказиб ҳосил бериш) ҳоллари жуда кам учрайди. Бу ўсув жараёнининг жуда эрта тугалланишига ва баргларнинг кеч кузгача дарахтда сақланиб туришига боғлиқ бўлиб, дарахтда озиқ моддалари кўпроқ тўпланади.
Паст бўйли дарахтларнинг ҳосилдорлиги тез ўсадиган дарахтларникидан паст бўлади. Аммо паст бўйли дарахтлар анча қалин ўтқазилгани учун 2 баробар ортиқроқ ҳосил олиш мумкин. Бундан ташқари меваларнинг сифати, уларнинг ўртача бир теккислиги (стандартлиги) яхшиланади. Шунингдек меваларнинг ширадорлиги ортади, уларнинг таъми ва ранги яхшиланади. Жумладан паст бўйли пайвандтагларда ўстирилган олма боғларида етиштирилган ҳосилнинг 90-95% и стандарт мевалар бўлади. Шу жумладан, 80% ҳосил биринчи нав мевалар бўлади.
Пакана мева дарахтларининг унча узоқ яшамаслиги, кўпинча, уларнинг асосий салбий томони деб ҳисобланади. Лекин бундай ўйлаш нотўғридир. Чунки пакана дарахтлар ўзининг 25-30 йиллик ҳаёти давомида 45-50 йил яшайдиган баланд танали дарахтлари берадиган ҳосилни беради.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]
