Анордан мўл ҳосил олиш учун уни ўғитлаш жуда муҳимдир. Айрим боғбонларимиз минерал ўғит бериш билан анордан юқори ҳосил олишга берилиб кетишди.
Анор учун азот, фосфор, калий, кальций ва бошқа ўғитлар жуда керак. Лекин ҳаддан зиёд минерал ўғит ишлатиш оқибатида анор дарахтингизни мўрт, тез синувчан ва совуққа чидамсиз қилиб қўйишингизни унутманг.
Яхшиси, маҳаллий ўғитларга эътиборингизни қаратинг. Маҳаллий ўғитларга ҳайвонлар гўнги, суюқ гўнг, қушлар, парранда ахлати, кўмир майдаси, турли чиқиндилар, озиқ-овқат қолдиқлари ва ўт-хашак чириндилари киради.
Маҳаллий ўғитларда карбомид, азот, фосфор, водород, магний, олтингугурт ва бошқа моддалар кўп. Бу ўғитни кўп ишлатиш анорзорингиздаги тупроқни маданийлаштиради, чиринди билан бойитади.
Енгил тупроқлар қовушқоқлиши ортади ва уларда намнинг сақлаш ҳамда моддаларни сўриб олиш, хусусияти кучаяди. Маҳаллий ўғитлар тупроқ унумдорлигини оширса, минерал ўғитлар озуқа режимини яхшилайди, бироқ, боғингизни умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутманг.
Анорзорингиз учун энг мақбули айтиб ўтганимиздек, маҳаллий гўнгдир. Гўнгни махсус чуқурга кўмиб, яхшилаб чиритиб, камида бир йил сақлаб, анор илдизларига тегмайдиган қилиб, ёнига чуқур қазиб, кўминг. Иккинчи йили кейинги ёнига ва шу тарзда давом эттиринг. Бу усулда барча ўғитлар ҳавога учмай, дарахтга етиб боради. Натижа эса боғингиз маҳсулдорлиги ошишига олиб боради.
Шу ерда ёш боғбон дўстларимиз орасида баҳсга сабаб бўлаётган ўғит турлари анор дарахтига қай тарзда таъсири тўғрисида маслаҳат беришни ҳам лозим деб билдик.
Ўсимлик ва дарахт ҳаётида азот етишмаса экин ўсишдан тўхтайди, ҳосилдорлиги камаяди. Азот кўр берилса, айниқса, анор ўсиб, ғовлаб кетади. Совуққа ва сувсизликка чидамсиз бўлиб қолади, меваси чириб кетади.
Фосфор — бақувват илдиз системаси ҳосил қилади, ҳосилнинг пишиб етилишини тезлатади, мевада крахмал ва қанд тўплашда ёрдам беради. Форфор билан ўсимликнинг дастлабки ўсув даврида озиқлантириш муҳимдир. Анор кўчатини очиб, таги текислангач, оз миқдорда тупроққа аралаштириб бериш яхшироқ. Гўнг жамғариш чоғида гўнгга аралаштириб, анорга берсангиз, ундан ҳам тузукроқ.
Кальций илдиз системаси ўсишига ёрдам беради. Тупроқнинг ишқорлик даражасини камайтиришга яхши таъсир кўрсатади. Калий ўсимлик тўқималарини ривожланиши учун жуда муҳимдир.
Углеводларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради, ўсимликнинг замбуруғ касалликларига, иссиққа ва совуққа чидамлилигини оширади. Анор гулини тўкилишини олдини олади.
Марганей, мис, рух, бор каби микроэлементлар ҳам ўсимлик ва боғингиз ҳаётида муҳим бўлиб, уни ўсиши ҳамда ҳосил тўплашига ижобий таъсир кўрсатади. Минерал ўғитлардан фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган боғбонлар кўп.
Бироқ, биз бу ўғитларни полиз ва томорқангизга ишлатиб, уни обод қилишингизни, анорингизга эса маҳаллий ўғитлардан кўпроқ фойдаланишингизни тавсия қиламиз.
Манба: «Анорчилик сирлари» Ёш боғбонлар, фермерлар ва барча қизиқувчилар учун қўлланма, Исроил Неъматов
[print-me]
