Павловния – дунёда энг тез ўсувчи манзарали, ёғочи сифатли, қурилишда ишлатиладиган дарахт ҳисобланади. Павловния ёғочи тез қурийди ва вазни енгил бўлади. Қиёслаш учун – эман дарахти ёғочининг бир куб метри ўртача 850 килограмм, қарағайники 482 килограммни ташкил этса, павловнияда бу кўрсаткич кўпи билан 282 килограммга етиши мумкин. Мустаҳкамлиги ва узоқ йиллар фойдаланиш мумкинлиги туфайли павловния ёғочидан шифт, эшиклар, жавон, стол ва стуллар тайёрлашда кенг қўлланилади.
Ёғоч таркибида сув миқдори ва ёниш хавфининг камлиги уни автомобилсозлик, самолётсозлик ва кемасозлик сингари йирик саноат тармоқларида истиқболли хом ашёга айлантирмоқда. Хусусан, халқаро амалиётда автомашиналар салонида павловния ёғочидан фойдаланиш афзал кўрилмоқда.
Павловния дарахтидан олинган ўтинлар ёндирилганда ҳавога карбонат ангидрид ҳамда олтингугурт миқдори кам чиқади. Бу турдаги ёқилғининг юқори иссиқлик ўтказувчанлиги вақт ўтиши билан ҳам камайиб кетмайди.
Павловнияни қаерга экиш мумкин?
- очиқ далаларда плантация кўринишида асосий экин ҳолида;
- очиқ дала плантацияларида бошқа экинлар орасида масалан соя, буғдой, ғўза маккажўхори ва бошқалар;
- истироҳат боғлари, йўллар, трассалар,темир йўл четларида;
- кафе, дўконлар, янги қурилган иншоатлар атрофида 4-5 метр узоқликда.

Касалликларга, паразит, хашаротларга чидамлилиги
Касалликларга ва ҳашаротларга чидамлилик Павловния плантацияларини яратишда энг муҳим кўрсаткичдир. Дала синовлари натижаларида 7 йил ўстирилган Шан Тонг навли дарахтларда касалланиш даражаси Павловниянинг бошқа турларига нисбатан паст эканлиги кузатилган. Павлониянинг Шан Тонг нави паразит-ҳашаротлар: барг тўкувчи, ёғоч қурти, ерости ҳашаротларига қарши бошқа турларга нисбатан чидамлилигини кўрсатган.
Қурғоқчиликка ва совуққа юқори чидамлилик
Павловния навлари селекциясида табиий шароитга чидамлилик энг муҳим кўрсаткичдир. Шан Тонг навининг 4 йиллик дарахтлари Хитойнинг ёзда ҳаво ҳарорати +42°С даражагача етадиган Шеннан вилоятида 63 кун ёмғир бўлмаган бир шароитда нормал ривожланиб ўсганлиги тажрибаларда аниқланган. Айнан шу ўсимликлар -20°С даража совуқ ҳароратга ҳам бардош берган.
Кесилгандан кейинги тез қайта ўсиш хусусияти
Дарахтнинг асосий танаси кесилгандан кейин павлония дарахтининг регенерация жараёни 100% самара билан ўтади. Ҳар гал навбатдаги кесишдан кейин Шан Тонг навининг етилиш босқичига ўтиш даври қисқариб боради. 2 марта кесилган дарахтлар бир марта кесилганларига қараганда 1 йил эрта етилади.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]
