Табиатда ҳар хил ўсимликлар гулининг шираси (нектари) ва чанги асаларилар учун озиқ манбайи ҳисобланади.
Нектар – гул безларилардан (ширадон) ажраладиган ширин суюқликдир. Баъзи ўсимликларда бу нектар безлар гулдан ташқарида бўлади. Ўсимликларниннг нектар ажратиши четдан чангланишга мослашишидир. Гулдаги нектар ҳиди ҳашаротларни ўзига жалб этади ва улар оёқчалари, қанотлари ёрдамида гулдан-гулга чангни олиб ўтади ва натижада ўсимликлар четдан чангланади. Бу ҳодиса табиатда ўсимликларнинг ташқи шароитга мослашиш имкониятини кучайтиради ва ўсимликлар турининг сақланиб қолишида муҳим рол ўйнайди.
Нектар таркибида шакар, сув, минерал тузлар ва бошқа моддалар бўлади. Қандлар мураккаб ва оддий ҳолда учрайди. Маълумотларга кўра, нектарда шакар ва сув миқдори анча ўзгарувчан бўлади. Масалан, қизил йўнғичқаникида 14-71%, жўканикида 22-72% ни ташкил этади.
Нектарнинг қайта ишланиб асалга айланиши
Гулнинг нектарини асаларилар оғиз аппарати ёрдамида асал жиғилдонига сўриб олади ва уяга олиб келгач, хартуми ёрдамида учмайдиган ёш асалари хартумига беради. Нектарни қабул қилган ари эса уни асал жиғилдонига шимади, кейин уни қайтадан хартумига қусади.
Бу жараён бир неча марта такрорланади, натижада нектар асалари жиғилдонида инвертаза ферментига бойийди. Бу фермент мураккаб шакарни оддий мева ва узум шакаригача парчалайди. Кейин бу оддий шакарлар катакларга тўлдирилади, ортиқча суви буғланиб парчаланиш жараёни давом этиши натижасида у етилган асалга айланади.
Тайёр асал солинган катаклар мум қопқоқчалар билан сувалади. Асал кимёвий таркибига ҳамда шакар эритмасининг контцентратсиясига кўра нектардан фарқ қилади. Асал таркибида 18-20% сув бўлса, қолгани шакардан иборат. Аксинча нектар таркибида сув кўп бўлиб, бир қисмини шакар ташкил қилади.
Нектарни асалга айлантириш жараёнининг биологик моҳияти шундаки, биринчидан, шакарнинг бойитилган эритмаси ҳисобланган асал узоқ вақт сақланганда ҳам айнимайди. Демак қишлов учун кўп миқдорда асал ғамлаб қўйиш ҳам унинг шу ҳусусиятига асосланган.
Иккинчидан нектарни асалга айлантириш вақтида мураккаб шакар оддий шакарга парчаланади. Натижада, асаларилар қишлов шароитида бу озиқни истеъмол қилишда кўп озиқ ва энергия сарф қилмайди, кўп ахлат чиқармайди ва ортиқча безовталанмайди.
Асал таркибида оддий шакарлар бўлиб, уларни ҳазм қилиш учун асалари камроқ энергия сарфлайди. Бу эса қишлов даврида асалариларда камроқ чиқинди ажратиш ҳисобига йўғон ичагида камроқ ахлат йиғилишига ва асалари оиласининг қишловдан яхши чиқишига имкон беради.
Шундай қилиб, асалариларнинг нектардан асал ишлаб чиқариш ҳусусияти уларнинг яшаш шароитига ажойиб мослашишига яққол мисолдир. Демак, ёз фаслида озиқ тайёрлаш, нектар йиғиш билан қишлаш шароити ўртасида боғланиш мавжудлигини табиатда асалариларнинг сақланиши ва кўпайиши учун зарур шарт-шароитнинг энг муҳими деб ҳисоблаш мумкин.
Манба: mirishkor.uz