Мум маҳсулотининг 80% сунъий мумпарда тайёрлаш учун ишлатилади. Қолган тахминан 20 фоизини халқ хўжалигида ишлатилади. Олиниш усулига қараб мум: аризор муми, прессланган мум, экстраксион ва оқартирилган турларга бўлинади. Энг олий нав – аризор муми ҳисобланади.
Эритилмаган хом асалари муми қуйидаги навларга бўлинади:
1-нав – оқ сариқ рангли бўлиб, перга, асал ва бошқа чет нарсалар аралашмаган, куя тушмаган ва моғорланмаган қуруқ бўлади. Ёруғликка тутиб қараганда, катакчаларнинг тублари кўриниб туради. Бундай хом мум таркибида 70 фоиз атрофида соф мум бўлади.
2-нав – хом мум тўқ жигарранг ёки қорамтир тусда бўлиб, гулчанги, асал ва бошқа чет нарсалар аралашмаган бўлади. Ёруғликда катакчаларнинг туби кўриниб туради. Таркибида 55-65 фоиз атрофида соф мум бўлади.
3-навга – қора тусдаги, ёруғликка тутиб қараганда, катакчаларнинг туби кўринмаган, қуруқ асалсиз, мум капалаги тушмаган моғорланмаган хом мум киради. Таркибида 40-55 фоиз атрофида соф мум бўлади.
Мумнинг ранги қанча оқ бўлса, сифати шунча яхши бўлади.
Табиий (натурал) ари муми 65°C даражада эрийди. Иситиш давомида 100°C даражага кўтарилса, эритилаётган мум тўлқинланади, лекин қайнамайди. Бу мумдаги сувнинг чиқиш ҳолатидир. Мумнинг намлиги қанча оз бўлса, сифати шунча яхши бўлади.
Хом мум таркибида: асалари муми, ари пилласи, гулчанги, асал қолдиқлари, ари қуртчаларининг ахлати кабилар – “мерва”ни ташкил қилади. “Витопка” дан мум мервага қараганда кўпроқ чиқади. Хом мум, “Витопка” ва мервалар узоқ сақланганда улардаги соф мумнинг анча қисми нобуд бўлади. Бу маҳсулотни асосан мум куяси бузади. Шунинг учун хом мумларни тезроқ эритиб, мумини олиш ва чиқиндисини биолабораторияга топшириш мумкин.
Манба: mirishkor.uz