Қўчқорларни озиқлантириш қочириш мавсуми олдидан кучайтирилади. Озиқланиш рационини протеин, минерал моддалар ва витаминлар билан таъминлаш қўчқорлар уруғининг сифати ошишига ва жинсий фаоллигига ижобий таъсир кўрсатади.
Қўчқорлардан фойдаланиш жадаллигига қараб озиқлантириш меъёрлари белгиланади. Қиш пайтида қўчқорларга кунига 1,5-2 кг пичан, 1,5-2 кг ширали озиқалар, 0,6-0,8 кг ем бериб борилади. Ёзда эса қўчқорлар яйловларда боқилиб, қўшимча ем бериб турилади.
Уруғ етилиши қучқорларда 40-45 кун давом этади, шунинг учун қочириш мавсумидан 1,5-2 ой олдин уларни тайёрлаш бошланади. 70-80 кг вазндаги қўчқорларга 150-200 г протеинга эга рацион белгиланади.
Қўчқорларни бурдоқига боқиш тез ва юқори семизликка эришишга қаратилади. Унда асосан арзон ва хўжаликда мавжуд озиқаларда фойдаланиш иқтисодий самара беради. Бурдоқига боқиладиган қўчқорлар рационида протеин юқори бўлиши шарт эмас, чунки улар танасида кунига фақат 5-8 г оқсил тўпланади.
Семиртириладиган қўчқорлар кунлик рационида қуйидаги озиқалар бўлиши мақсадга мувофиқ:
- сомон 0,6 кг;
- силос 5 кг;
- лавлаги 1 кг;
- ем 0,2 кг.
Бурдоқилаш давомида ўртача кунлик семириш 180-200 г ни ташкил қилади. Республикамизда қўйларни ёғ-мой саноати чиқиндилари шулха ва шрот билан семиртириш кенг тарқалган. Бу озуқаларни бериш миқдори муайян шароитда қўчқорнинг зоти, ёши, тирик вазнига қараб белгиланади. Қўчқорларни бурдоқилаш ўртача 90-100 кунни ташкил этади.
Шунингдек юртимизда қўчқорларни яйловларда семиртириш ҳам кенг тарқалган. Унда қўйлар яйловларда 600-800 бошдан отар қилиб боқилади. Бурдоқига боқиладиган қўчқорларнинг тўйимли моддаларга бўлган талабини қондирилишига қараб ем қўшилади. Уларни етарли миқдорда ош тузи ва сифатли сув билан таъминлаш керак.
Манба: «Чорвачилик асослари», И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров
[print-me]
