Асл ватани Хитой бўлган мандаринни “Хитой олмаси” деб аташади. Унинг ўртача катталикдаги 2 донаси инсон организмининг С витаминига бўлган кунлик эҳтиёжини қондиради. С дармондориси иммунитетни кўтаришидан ташқари, қон томирлари деворчаларининг янгиланиш жараёнини ҳам рағбатлантиради.
Мандариннинг инсон саломатлиги учун фойдаси:
- Ич оғриғига даво. Тиббиётда аниқланишича, мандарин ичак перисталтикасини бўшаштириш хусусиятига эга. Таркибидаги фитонсидлар эса бактерияларга қарши курашади. Шунинг учун ҳам ич кетишидан азият чекаётган беморларга мандарин истеъмол қилиш ёки унинг шарбатидан ичиш тавсия этилади.
- Юрак-қон томирлари фаолиятини яхшилайди. Агар тушкунлик сизни тарк этмаса, мандарин мевасидан истеъмол қилинг. Бундай вақтда уни ҳидлаш ҳам жуда фойдали. У кайфиятни кўтариб, кишига хотиржамлик бахш этади.
- Асаб тизимини яхшилайди. Мандариндан тайёрланган шарбатни тунги уйқудан аввал ичиш асабларни тинчлантириб, уйқуни меъёрлаштиради. Чунки юрак мушакларини мустаҳкамлаш учун ҳам мандариндан ўтадигани йўқ. Бунинг учун унинг мевасини оқ пўстлоғи билан истеъмол қилсангиз, кифоя.
- Мандарин касалликка қарши курашишга куч беради. Кунига 2-3 дона мандарин истеъмол қилсангиз, иммунитетингиз мустаҳкамланади, вируслар ўлади, шамоллаш чекинади. Шарбати эса иситмани тушириш хусусиятига эга. Грипп безовта қилганда мандарин меваси ва мандарин шарбати жуда фойдали. Ушбу цитрус мева таркибида суяк ва тишларни мустаҳкамловчи кальций ҳамда фосфор мавжуд. Шунингдек, унда темир моддаси атиги 0,3 мгни ташкил этса-да, у темир моддаси танқислигида тавсия этилади. Чунки таркибидаги биологик актив моддалар камқонликни бартараф этади.
- Сурункали йўтални даволайди. Агар сизни йўтал қийнаб қўйса, қуритилган ёки янги эзилган 2 ош қошиқ мандарин пўстига 1,5 стакан сув қуйиб, паст оловда 5-7 дақиқа қайнатинг ва 1 соатга дамлаб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, ундан кунига 3-4 маҳал илиқ ҳолда овқатдан 20 дақиқа олдин 2 ош қошиқдан қабул қилинг.
Сифатли мандаринларни танлаш бўйича тавсиялар:
- Агар қўлингизга олиб кўрган мевангиз ҳажмига нисбатан оғирроқдек туюлса, демак, сархил, сувли ва янги мандаринга дуч келибсиз;
- Шунингдек, бу меванинг нордонига учраб қолмаслик учун кичикроқ, пўсти эса юпқасини танланг;
- Энг муҳими, харид чоғида бир бўлагини татиб кўришдан уялманг;
- Цитрус меваларининг пўстлоғи қалин бўлгани сабаб музлаткичда ҳам, хона ҳароратида ҳам сақлашингиз мумкин. Ягона шарти, музлаткичда бир ҳафтагача, хона ҳароратида эса 2-3 кундан ортиқ қолиб кетмасин.
Манба: zamin.uz