Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун «Agrobank» акциядорлик тижорат банки томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси асосида ёш тадбиркорларга миллий валютада имтиёзли кредитлар тақдим этилмоқда.
Ушбу имтиёзли кредитларни қуйидаги мақсадларда олиш мумкин:
- уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, наслли чорвачилик, қуён боқиш, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кўрсатиладиган техник хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;
- ихчам иссиқхоналарни қуриш, мева-сабзавотчиликда ишлатиладиган қишлоқ хўжалик техникалари ва механизмларини сотиб олиш;
- бевосита ишлаб чиқариш соҳаси – озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хом ашё ва материалларни қайта ишлаш. Ҳунармандчиликни ривожлантириш, касаначилик меҳнатини ташкил этиш, бинокорлик материаллари ишлаб чиқариш;
- хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш – аҳолига маиший, тиббий, сайёҳлик-экскурсия ва меҳмонхона хизмати кўрсатиш, автомобиллар ва бошқа техникаларни таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатиш;
- янги боғ ва токзорларни барпо этиш, илғор замонавий, шу жумладан, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш.
Ушбу кредит маблағлари юридик шахс мақомига эга бўлган ёш тадбиркорларга – энг кам ойлик иш ҳақининг 3000 баробаригача, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ёш тадбиркорларга – энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 баробаридан ошмаган миқдорда 3 йил муддатга берилади, бунга 6 ойлик имтиёзли давр ҳам киради.
Кредитлар йиллик 16 фоиз миқдорида ажратилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси» компенсация маблағлари ҳисобидан 3 фоиз миқдори қоплаб берилади.
Кредит олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- кредит олувчининг аризаси;
- Ёшлар иттифоқи тавсияномаси;
- бизнес-режа (аҳоли бандлигини таъминлаш ва томорқа эгаларига ажратиладиган кредитлардан ташқари);
- тегишли давлат солиқ инспектсиясининг қарз олувчи охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл). 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл). Янги ташкил этилган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари, оилавий тадбиркорлик субъектлари бундан мустасно;
- шахсий томорқа участкаларида маҳсулот етиштиришни кенгайтириш мақсадлари учун кредит сўралган ҳолларда қарз олувчида томорқа участкаси мавжудлиги кўрсатилган ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотнома;
Кредит маблағларини ўз вақтида қайтарилишини кафолатловчи таъминот турларидан бири ҳам тақдим этилади:
- мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови;
- тижорат банки ёки суғурта компаниясининг кафолати;
- учинчи шахс кафиллиги;
- қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг тижорат банки фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;
- таъминотнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа турлари.
Манба: agrobank.uz