Гилос мўтадил ва иссиқ иқлим ўсимлигидир. Кавказ ва Қирмнинг ўрмонларида ёввойи ҳолда ўсади. Украина ва Молдавияда ёввойилашган якка-якка дарахтларини учратиш мумкин. Маданий гилос Қиримда, Доғистонда, Озарбайжонда, Арманистон ва Грузияда, Украинанинг жанубида, Кроснадар ўлкасида, Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда кенг тарқалган.
Гилоснинг 100 га яқин нави маълум бўлиб, Ўзбекистонда асосан Баҳор, Сариқ гилос, Қора гилос, Ревершон, Сарви сурхони навлари экилади. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида сўз юритамиз:
- Баҳор нави – ўртапишар универсал гилос нави. Ўзбекистонда гилос мавсумини бошлаб берадиган бу нав Францис ва Саври сурхони навларини чатиштириб етиштирилган. Совуққа ўртача чидамли, мамлакатимизнинг қуруқ иқлимига мослашган. Дарахтлари бақувват, шох-шаббаси юмалоқ, ёйилиб ўсади, тўртинчи ёшидан бошлаб ҳосилга киради. Ҳосилдорлиги ўртача -10 ёшда 50 кг гача ҳосил беради. Меваси 5-10 майларда пишади, йирик (8 гр), юмалоқ, ранги тўқ қизил, тўла пишиб етилганда қора бўлади. Ташишга ва сақлашга чидамли, меваси дарахтда сўлиганча тўкилмай туради.
- Сариқ гилос нави – универсал фойдаланиш учун яроқли, тухумсимон, қурғоқчиликка анча чидамли, тўртинчи ёшидан бошлаб ҳар йили ҳосил беради. 10 ёшга етганда ҳосилдорлиги 100 кг га етади. Бу нав қисман ўз-ўзидан, асосан эса Францийе ва Пушти Наполеон навларидан яхши чангланади. Кечроқ 20-25 июнда пишади. Меваси юмалоқ сариқ рангда, йирик, ўртача вазни 5 гр. Мевасидан компот ва мураббо қилинади.
- Қора гилос нави – халқ селексияси йўли билан етиштирилган маҳаллий нав, ўртапишар. Самарқанд вилоятида кенг тарқалган. Дарахтлари бақувват ўсади, узоқ яшайди, совуққа чидамли бўлади. Учинчи ёшидан ҳосилга киради, ҳар йили ҳосил беради. Меваси 5-15 майда пишади. Меваси тўмтоқ, юраксимон, дўнгли, деярли қора рангда, ўртача вазни 4 гр га етади. Данаги майда, этидан яхши ажралади. Ушбу нав Ўзбекистоннинг барча вилоятларида етиштирса бўлади.
- Ревершон нави – кечпишар, универсал фойдаланиш учун яроқли нав. Дарахтлари бақувват, кенг тухумсимон шох-шаббаси, қурғоқчиликка анча чидамли, совуққа ўртача чидамли, маҳаллий иқлимга яхши мослашган. Бешинчи йилдан ҳосилга киради, 10 ёшида ҳосидорлиги ҳар тупидан 60-65 кг га етади. Меваси 25-30–майда пишади, йирик, ўртача вазни 7, 5 гр, кенг юраксимон, ранги тўқ қизил, жуда чиройли бўлади. Эти тўқ қизил, зич, карсиллайди, ширин, таъми жуда яхши. Меваси янгилигида истеъмол қилинади ва компот қилинади.
Манба:mygarden.uz
[print-me]
