Токнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосил бериши ташқи муҳитга чамбарчас боғлиқ.
Ток ёруқсевар ўсимлик ҳисобланади. Сояда у секин ўсади, ҳосилдорлиги ва меваси таркибидаги шакар миқдори камаяди. Доимий соя остида қолса, барглари сарғайиб гуллари, тугунчалари ва мевалари тўкилади. Барг банди ва новдаларнинг бўғим оралиғи узаяди. Тўқималардаги ҳужайралар дифференциацияси ва ёғочликнинг пишиши узоққа чўзилади.
Ток экини қурғоқчиликка ўта чидамли экин ҳисобланади. Лекин, Ўзбекистон шароитида фақат токни суғориб, юқори ҳосил олиш мумкин. Ток ҳар хил йиллик ўсув фазаларида намни бир хилда талаб қилмайди. Новдаларнинг ва барг юзасининг жадал ўсиши даврида нам жуда катта аҳамиятга эга. Гуллаш вақтида тупроқда нам ва ҳавонинг ортиқча нам бўлиши гулларнинг тўкилиб кетишига сабаб бўлади. Нам ўсимлик қисмларининг кучли ўсишини тезлаштиради. Бунда генератив органларнинг зарарига кўп миқдорда озиқ моддалар сарфланади. Мевалар тўлишиши вақтида ҳам ток кўп нам талаб қилади. Новдалар пиша бошлаши билан намга талаб камайиб боради.
Узум пишиши олдидан тупроқда намнинг ортиқча бўлиши мева ширасининг суюлиб кетишига ва ундаги шакарнинг камайиб кетишига сабаб бўлади, натижада ташиш ва сақлаш қийинлашади.
Токзорларда енгил шамол жуда фойдали. У токзорларда аэрацияни яхшилаб, ток зангларини замбуруғ касалликлари билан зарарланишдан сақлайди. Токни четдан чангланишига ёрдам беради, совуқ тушган вақтларда совуқ ҳавонинг туриб қолишига йўл қўймайди. Лекин кучли шамол токзорларга зарар келтиради, яъни ер қуриб олади, новдаларни синдириб, баргларини силкитади. Иссиқ шамол (гармсел) новдаларни, баргларни ва узум ғужумларини зарарлайди. Ёмғирда ва ҳарорат паст вақтида шамол бўлса, новдалар музлаб қолади ва кўмилмаган токларда куртаклар нобуд бўлади.
Сизот сувларининг сатҳи ва уларнинг нақадар юза жойлашиши ток экиш учун катта аҳамиятга эга. Сизот сувлари жуда юза (0,5-1 м) жойлашган бўлса ток нобуд бўлади. Бундай ерларда зовурлар қазиб сувни қочиргандан сўнг, токзор барпо этиш мумкин.
Тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ток экиб кўпайтириш учун Ўзбекистонда кўп қулайликлар мавжуд. Қирда токзор барпо этиш учун жой танлашда, оқадиган сой ва булоқлардан суғориш имконияти, ён бағрларнинг ювилиб кетишини олдини олиш, ерни механизация ёрдамида ишлаш назарда тутилади.
Манба: «Узумчилик», Т.Э.Остонақулов, С.Х.Нарзиева, Э.И.Ҳамдамова
[print-me]
