Лимон кўчатлари иссиқхоналарга одатда 3×3,4×3,5×4 схемаларда экилади. Иссиқхона майдонидан унумли фойдаланиш мақсадида кўп ҳолларда кўчатларни имкон қадар зичроқ экишга ҳаракат қилинади. Бунда кўчатларга ихчамроқ кўринишдаги шакл бериш лозим бўлади. Лекин кўчатларни ўта жич тарзда экиш ҳам мумкин эмас. Чунки кўчатларга қуёш нури яхши тушиши ва кўчатлар ўсиш жараёнида бир-бирига ҳалақит бермаслиги керак.
Лимон кўчатлари экиладиган иссиқхона тупроғи унумдор, чириндиларга бой ва ҳосилдор бўлиши жуда муҳим. Ҳар бир кўчат экиладиган жойга чириган гўнг ва тоза қумдан 20% атрофида аралаштирилса ёш лимон кўчатлари ерга яхши ўрнашиб, тез ўсади ва осон ривожланади.
Лимон кўчатларининг 1 ёки 2 йилликлари осон кўкаради ҳамда тез ривожланади. Нисбатан каттароқ 3-4 ёки 5 йиллик кўчатларнинг эса кўкариши ва ўсиши секинроқ кечади. Кўчатлар март ойининг охирги 10 кунлигидан бошлаб апрел ойининг 20-25-сига қадар экилади. 1-15-апрелда экилган кўчатлар жуда яхши кўкаради.
Экишга тайёрланган кўчатларни кўчириб ўтқазишдан 10-15 кун олдин суғорилади. Шунда кўчирилган кўчатнинг илдизидаги тупроқ тўкилиб кетмайди. Экиш ишларини 2-3 киши бўлиб бажариш мақсадга мувофиқ бўлади. Лимон попук илдизлардан иборат бўлгани учун илдизларни ҳамма томонга бир хилда тарқатиб экиш керак. Кўчат экиладиган жойни кўчатнинг катта-кичиклигига қараб ковланиб экилади. Муҳими ҳар бир кўчат ердан 10-15 см баландроқда жойлашиши ва суғориш ишларида дарахт танасига сувнинг етиб бормаслигидир.
Экиш жараёнида кўчатларнинг тагига 10-20 литр сув қуйиб, сўнгра тупроқ билан кўмиш лозим. Йирикроқ кўчатларни экиш жойига замбилда ёки чойшабда 2 киши бўлиб олиб борилса, кўчат илдизидаги тупроқ тўкилиб кетмайди. Экиш ишлари тугатилганидан кейин дастлабки кунлари ҳар 3-4 кунда суғориб турилади.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]
