Беҳи экиш учун юртимизда етиштириладиган Қува беҳиси, Нон беҳи, Ширин беҳи, Самарқанд йирик беҳиси ва бошқа шу каби энг яхши навлардан танланади. Экин майдонига чиринди солиниб, чуқур ҳайдалади.
Кўчатни кузда ноябр ойи охирларида ёки эрта баҳорда февралнинг охири-мартнинг бошларида экилади. Баҳорда экиш учун ерни кузда тайёрлаб қўйиш янада яхшироқ бўлади. Ҳар бир экиладиган кўчат учун 50-60 см чуқурликда 4×3,3×3 схемада чуқурчалар қазилиб, кўчатлар ўтқазилади. Беҳи кўчатларини асосан пайвандлаб кўпайтирилгани учун, кўчат экиш жараёнида пайвандланган жойи ердан 5-6 см юқорироқда қолдирилади. Кўчат яхши ўрнашиши учун чуқурга солинадиган тупроққа яхши чириган гўнг, фосфор, калий ўғитлари аралаштирилади. Кўчат илдизи тупроқ билан янги мол гўнгидан 1:1 миқдорда аралаштириб махсус тайёрланган суюқ лойга ботириб олинади. Чуқурга тупроқ солингандан сўнг сув қўйилади. Тупроқ намлиги камайишига қараб суғориб турилади.
Беҳи апрел ойида гуллайди ва кузда сентабр-октабр ойларида пишиб етилади.
Беҳи кўчатига қаватсимон (ярусли) шакл берилади. Бунда дарахтнинг биринчи қаватида 3-4 та асосий шох қолдирилади. Иккинчи қаватида эса, асосий шохлардан 35-40 см юқорироқда жойлашади. Кейинги қаватдаги шохлар эса 20-25 см юқорида жойлашади. Бундай шакл бериш орқали шохлар бир-бирига ҳалал бермайди, сояси тушмайди. Ҳосил сифатли ва мазали бўлади. Шакл бериш жараёни эрта баҳорда амалга оширилади. Шакл беришда бир йиллик 40-50 см гача ғовлаб ўсган новдалар эски шохларга тақаб кесилганда мева шохлари ва новдалари кўпаяди.
Дарахтларни ўғитлашда ҳар бир туп учун йилига 200-250 г калий, 250-300 г азотли ва фосфорли ўғитлар солинади. 2-3 йил давомида 50-60 кг чириган гўнг солиниб ишлов берилади. Бўз тупроқли ерларда ўсув даври давомида 4-5 марта, шағал-тупроқли ерларда эса 10-12 мартагача суғорилади. Бу мевали дарахга кўпроқ беҳи қурти зарар келтиради. Унга қарши курашиш учун 5% ли Карате ем.к. препаратини 10 л сувга 3-4 г миқдорда қўшиб пуркалади. Ёки 17,5% ли Перфекто сус.к. препаратини 10 л сувга 4-5 мл атрофида қўшилиб, пуркалади. Касалликлардан эса монилиоздан зарарланади ва уларга қарши курашиш учун, Бордо суюқлигининг 3% ли эритмаси қўлланади. У 10 л сувга 300 г сўндирилмаган оҳак ва 300 г мис купороси қўшиб тайёрланади. Эрта баҳорда куртаклар ёйилмасидан аввалроқ пуркалади.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]
