Халқ табобатида ширин бодом мағзининг қанд билан аралаштирилгани нафас қисиши, бош айланиш сингари касалликларни даволашда кенг қўлланилади.
Аччиқ бодом – озиқ эмас, фақат доридир. Ширин бодом эса яхши озиқдир. Бодомнинг бу тури сепкил, нуқтали қонталаш, офтобдан қорайишга қарши қўлланилади. У юздаги ажинларни ҳам ёзиб юборади. Ширин бодом ейилса, семиртиради. Қулоқнинг оғриши ва ғувуллашида фойда қилади, айниқса, аччиқ бодомнинг ёғи ва унинг янчилгани фойда қилади.
Агар бодом дарахтининг илдизини майда туйиб, сирка билан ёки гул ёғи билан қўшиб пешонага қўйиб боғланса, бош оғриғига фойда қилади. Аччиқ бодомнинг ёғи ҳам шундай таъсир этади. Бу мева кўриш қувватини кучайтиради. Аччиқ бодом буғдой крахмали билан бирга қўшиб ишлатилганда қон туфлашга, узоқ давом этаётган астма (зиққинафас) ва зотилжамга фойда қилади. Туйилган бодом йўтал ва қон туфлашга фойдалидир.
Бодом айниқса, аччиқ бодом жигар ва талоқдаги тиқилмаларни очади. Агар унинг янгисини пўстлоғи билан ейилса меъдани намликдан тозалайди. Аччиқ бодом буйракдаги тиқилмаларни очади. Унинг ёғи эса буйракни ва қовуқни тозалайди, тошларни майдалайди. Айниқса, гулсафсар илдизи билан қўшиб ичилса, яхши фойда қилади.
Манба: dawo.uz