Паст бўйли дарахтлар асосан бир ёшлигида кўчириб ўтқазилади. Бунда кўчатларнинг бўйи 70 см дан кам бўлмаслиги ва илдиз тизими яхши ривожланган бўлиши керак. Бир йиллик кўчатлар, одатда, яхши тутади. Паст бўйли пайвандтагларга уланган дарахтларнинг илдизлари юза жойлашганлигидан, ерни чим босиб кетишига йўл қўймаслик керак.
Бунинг учун қатор ораларини шудгорлаб қўйиш ёки сидератлар, сабзавотлар, чопиқ қилинадиган экинлар ҳам экиш мумкин. Кўчатлар катталашиб, шохлари бир-бирига туташгандан кейин тагига ҳеч нарса экилмайди. Фақатгина шудгор қилиб қўйилади. Паст бўйли дарахтлар ўтқазилган боғлар ўғит ва сувга талабчан бўлади.
Кўчат ўтқазиш пайтида ҳар бир тупнинг тагига 8-10 кг чириган гўнг ва 150-200 кг суперфосфат солиниши лозим. Солинган гўнг яхши чиримаган бўлса кўчатни қуритиб қўяди. Дарахт ҳосилга киргунича ҳар йили боғ гектарига 60-80 кг азот, 40-50 кг фосфор ва 30-40 кг калий ўғитлари бериб турилиши керак. Ҳосил берадиган боғларда эса дарахтлар тагига ҳар йили ҳосил миқдорига қараб, гектарига 180 кг азот, 140 кг фосфор, 45 кг калий ҳамда 2-3 йилда бир марта 20-30 тонна гўнг ёки компост солиб туриш керак. Бундан ташқари июн-август ойлари бошларида ҳам 50-60 кг дан минерал ўғитлар бериб турилади
Пайвандтаг қанча заиф бўлса, дарахтларнинг ўғитга талаби шунча кучли бўлади.
Бўз тупроқли ерлардаги боғлар кўчат ўтқазилгандан кейин дастлабки 2-3 йилда, ўсув даврида 8-10 марта, нисбатан сернам ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 6-7 марта суғорилади.
Кўчат ўтқазилгандан кейин дастлабки 2-3 йилгача қатор ораларига ертанги сабзовотларни экиб ердан унумли фойдаланиш мумкин. Экин экилмаган боғларда эса, қаторлар орасидаги бўш жойни 18-25 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Октабрнинг охири, ноябрнинг бошларида дарахтлар атрофини қайта чопиб қўйилади. Эрта баҳорда ер 12-15 см чуқурликда юмшатилади.
Ёз давомида эса қатор ораларини 3-4 марта юмшатилиб, бегона ўтлардан тозалаб турилади. Паст бўйли пайвандтагда ўстирилган мевали дарахтларга бутасимон, урчуқсимон, кордон, палметто ва бошқа турдаги шакллар берилади. Ерни экишга тайёрлаш усули одатдагидек яъни, ҳар гектарга 50-60 тонна гўнг, 140-150 кг азот, 40-50 кг дан калий ва фосфор солиб ағдарилади.
Манба: mirishkor.uz