Асалари заҳари (апитоксин) – ишчи асаларилар танасидаги ипсимон безлари ажратадиган ўткир ҳидли аччиқ, оч сариқ, шаффоф суюқлик. Асалари заҳари таркибида биологик фаол моддалар, ферментлар, эркин аминокислоталар, чумоли, хлорид, ортофосфат кислоталари, гистамин, холин, триптофан, олтингугурт, магний фосфат ва бошқа моддалар бор.
Асаларилар заҳари таркибидаги таъсир қилувчи моддалар гистамин гликозиди, липидлар, ҳайвонот сапонинларига яқин турадиган моддалардан иборат. Сувда тез, чумоли кислотада ва 60°C ли спиртда секин эрийди. Асаларилар чаққанда 0,2-0,3 мг заҳар ажратади. Асалари чаққан жойда қаттиқ оғриқ ва шиш пайдо бўлади.
Асалари чаққан пайтда, ўша жойга дарҳол валидол эритмаси ёки саримсоқ кесиб суртилса, оғриқ қолади, шиш пайдо бўлмайди.
Асаларининг заҳаридан тиббиётда радикулит ва бод касалликларини даволашда фойдаланилади. Бунда организм бевосита асалариларга чақтирилади. Ёки таркибида асалари заҳари бўлган дорилар қўлланилади. Бу препаратлардан бронхиал астма, гипертония касалликларини даволашда ҳам фойдаланиш мумкин.
Бод ва радикулитни даволашда таркибида асалари заҳари бўлган вирапин суртма ҳолида қўлланилади. 1 г вирапинда 0,15 мг асалари заҳари бўлади. Таркибида асалари заҳари бор дорилардан қон томирларини кенгайтириш ва моддалар алмашинувини яхшилашда фойдаланилади.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]
