Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда коронавирусга қарши даволаш жараёнида занжабилни дорилар ўрнига қабул қилиш ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.
«Занжабил (имбирь) илдизи таркибида С, В1, В2 витаминлари, алюминий, калий, кальций, темир, марганец, фосфор, каприл, никотин ва линол кислоталари каби минерал моддалар мавжуд. Унинг таъсир қилувчи моддалари шогаол ва гингерол ҳисобланади. Бу моддалар антиоксидант, яллиғланишга қарши, ўсмаларга қарши, антимутаген ва бошқа хусусиятларга эга.
Экспериментал изланишлар занжабил илдизининг спиртли экстракти пневмония ва бошқа юқори нафас аъзоларининг яллиғланиш касалликларида фойда беришини кўрсатган. Лекин уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур. Чунки у болаларда ва ҳомиладор аёлларда аллергия келтириб чиқариши мумкин.
Занжабил коронавирус инфекциясида асосий дори воситалар билан бир қаторда ишлатилиши мумкин. Лекин бир ўзи монотерапия сифатида ёрдам бермайди», деди штаб аъзоси.
Занжабил асосан чой шаклида истеъмол қилинади. Занжабилли чойни тайёрлаш учун: бир бўлак занжабил илдизи (2 см атрофида), бир бўлак долчин, яримта лимон меваси, бир стакан сув (250 мл) керак бўлади.
Авваламбор чойга солинадиган занжабил илдизи яхшилаб ювиб, сочиқ билан артилади. Тайёрланган 1 стакан сувни қайнатиб, унга артилган занжабил ва долчин солинади. Паст оловда яна 10 дақиқа қайнатилади. Қайнатмага яримта лимон шарбати қўшилади.
Тайёр бўлган қайнатма докадан ўтказилади ва кунига 2-3 маҳал ичилади.
Манба: kun.uz
[print-me]
