Америка чириш касаллиги ҳавфли юқумли касаллик бўлиб, асалари оилаларига катта зарар етказиши мумкин. Касаллик баҳорда пайдо бўлиб, ёзга келиб ўзининг юқори ривожланган даражасига етади. Аввало баъзи мум инлардаги айрим ва нобуд бўлган личинкалар касалланади.
Касалликка чалинган асалариларни даволаш
Асал йиғиш давом этаётган вақт бўлса касалланган ари оилалари тоза арихонага кўчирилади. Ичига аввало сунъий мум инлар солиб, уларга даволаш шарбати берилади. Шарбатга европа чириш касаллигида қўлланиладиган препаратлар солинади. Фақат саназин препарати америка чириш касаллигига таъсир қилмайди. Оиланинг кучига қараб сунъий мум инлар солинган ромлар арихонанинг ҳамма рамка оралиқлари асалари билан тўладиган қилиб жойлаштирилади.
Кўчириб ўтказиш учун жой ва арихона тайёрлаш усули европа чириш касаллигидагидек. Асалари оиласини кўчириб ўтказиш, тартиби қуйидагича:
- Касалланган оиладан она арини топиб ажратилади;
- Даволанадиган оилага янги соғлом, ёш она ари қўйилади;
- Уни Титов катакчасига ўтказилиб янги уянинг ромлари ўртасига қўйилади;
- Касалланган оила асалариларини арихона эшиги олдидаги тахтачага қоқиб туширилади;
- Улар янги арихонага учиб кирганларидан кейин, арихона иситилиб эшиги ёпилади.
Америка чириш касаллигига қарши кураш чоралари
Лабораторияда америка чириш касаллиги тасдиқлангандан кейин аризорга ва унинг атрофидаги радиуси 5 км гача бўлган масофага карантин эълон қилинади. Бу ердаги касаллик йўқ қилингандан кейин бир йил ўтгач карантин бекор қилинади. Даволаш тадбирлари билан бир қаторда аризорда америка чириши касаллигини йўқотиш мақсадида касалланган асаларилар солинган арихоналар, улар турган жой, ромлар ва бошқа асаларичилик жиҳозлари яхшилаб дезинфекция қилинади.
Арихоналар турган жойларни қайта кавлаб унга 10% ли янги сўндирилган оҳак (1 м2 ерга 1 литр ҳисобида) сепилади. Бунинг учун 1 кг сўндирилмаган оҳакни олиб 1 литр сувда эритилади. Кейин яна 9 литр сув қуйилади. Арихонани дезинфекция қилиш олдидан яхшилаб мум, прополисдан тозалаб, 3% ли кир содасида ювилади, қуритилади ва кавшарлаш лампасининг ўти билан текис қорамтир ранга киргунча куйдирилади ёки 20% ли каустик сода-поташ аралашмаси билан ҳар 2 соатда ишлов бериш керак.
Аралашма 1 м2 майдонга 0,5 литр ҳисобида сарфланади. Дезинфекция қилинган арихона 1 суткадан кейин тоза сув билан ювилиб, қуритилади. Арихонанинг устки тахтаси, ромлари, бўлувчи тўр ва бошқа қисмлари ўювчи натрийнинг 2% ли эритмасида 15 дақиқа ёки 4% каустификатсия қилинган сода-поташ аралашмасида қайнатилади.
Арихонанинг канопчалари, жилдлари, иситиладиган ёстиқчалар калцийлаштирилган соданинг 3% ли эритмасида 30 дақиқа, ўювчи натрийнинг 1% ли эритмасида 15 дақиқа қайнатилади, тоза сувда эса 40 дақиқадан кейингина вируслар нобуд бўлади.
Манба: “Асалари – фойда бари” қўлланмаси, С. Мамасотийев, Н. Ҳошимов
[print-me]
