Қўйлар 8-9 ойлигида жинсий жиҳатдан етилади, шундай бўлса-да, уларни биринчи гал 1-1,5 ёшлигида қочириш тавсия етилади. Қўйларнинг жинсий қўзғалиш сикли ўрта ҳисобда 17 кун, куйикиши тахминан 24 соат, бўғозлик даври 144-148 кун давом этади. Қўйларни кўпчилик зотида жинсий активлик кузда, кунлар қисқаргандан кейин бошланади. Қўйлар кундуз куни қоронғи хонага бир неча соат қамаб қўйилса, жинсий қўзғалиши тезлашади. Қўйларда ташқаридан қараганда куйикиш белгиларини билиб бўлмайди, шунинг учун уларнинг куйикиши синовчи қўчқорлар ёрдамида аниқланади. Қўчқорнинг кўкрагига ҳар икки купда махсус бўёқ суртилади, шунда қочишга мойил қўйларни топиш осонлашади.
Қўйларни кўпайтиришда қочиришнинг қуйидаги усулларидан фойдаланилади:
Эркин қочириш — бунда қўйлар подасига қўчқорлар (20-25 бош қўйга битта қўчқор ҳисобидан) қўшилади. Қочиришнинг бу оддий усулида жуда кўп қўчқор керак бўлади. Наслчилик хўжаликларида қўзининг «ота-онаси» кимлигини аниқ билиш талаб қилинганлигидан бу усулни қўлланиб бўлмайди.
Қўлда қочириш — бунда подага синовчи қўчқорлар қўшилиб, куйиккан совлиқлар аниқланади. Сўнгра улар махсус станокда қочирилади. Бунда ҳар 80-100 совлиққа биттадан қўчқор тўғри келиши лозим.
Сунъий уруғлантириш — зотли қўчқорлардан кенг фойдаланиш имкониятини туғдиради. Совлиқлар ва қўчқорларнинг яхши боқилиши қочиришнинг муваффақиятли ўтказилишида жуда муҳимдир. Қўйларни қочириш, бинобарин, қўзилатиш вақтининг ҳам амалий жиҳатдан аҳамияти катта. Қўйчилик хўжаликлари конкрет шароитларга қараб, қўйларни қишда ёки баҳорда қўзилатиши мумкин. Қишда қўзилатиладигаи қўйлар сентябр-октябр ойларида қочирилади. Январ-февралда туғилган қўзилар баҳорда қўйлар яйловга чиқариладиган вақтгача бирмунча ўсиб, ўт-ўланни еб ўзлаштира оладиган ҳолга келади. Шунда улар баҳорда туғилган қўзиларга қараганда яхшироқ ривожланади, жун ва гўштни ҳам кўпроқ беради. Қўйларни қишда қўзилатиш учун иссиқхоналар бўлиши ва кўп миқдорда сифатли озиқ тайёрлаб қўйилиши зарур.
Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев
[print-me]
