Шолғом асосан кузги буғдой ва эртанги экинлардан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида экилади. Шолғом экиш учун ажратилган ернинг гектарига 15-20 т чириган гўнг солиниб, ҳайдалади. Яхшилаб текисланиб, эгатлар олинади.
Юртимизда асосан Наманган шолғоми, Самарқанд шолғоми, Муяссар каби навлари етиштирилади.
Шолғом уруғи республикамизнинг жанубий вилоятларида август ойининг 20-санасидан сентабр ойининг 20-санасига қадар экилади. Марказий минтақадаги вилоятларда эса август ойининг биринчи ярми давомида, шимолий минтақаларда эса июл ойининг 20-санасидан август ойининг 10-санасига қадар экилади.
Эгатлар ораси 70 см дан қилиб очилади, 45-50 см қисми марза ҳамда 20-25 см қисми жўякдан иборат бўлади. Уруғлар қўлда сепилади ва ҳаскаш билан 1,5-2 см чуқурликда тупроқ билан аралаштирилади. Уруғ сарфи гектарига 2,5-3 кг, яъни бир сотих ерга 25-30 г тўғри келади.
Уруғлар униб чиққач 2-3 та чинбарг чиқаргандан сўнг туплар орасини 10-12 см дан қилиб яганалаш амалга оширилади.
Биринчи ўғитлаш яганалашдан сўнг бажарилади. Бунда гектарига 120-150 кг амофос, 150-200 кг сулфат аммоний, 50-60 кг калий ўғити берилади.
Икки-уч марта суғорилгандан сўнг қатор оралари юмшатилади, марзанинг икки ёни енгил чопилади. Шунда солинган ўғитларнинг экинга таъсири яхшироқ бўлади. Суғоришда сув марза устига чиқиб кетмаслигига эътибор бериш зарур. Яъни сабзи парвариши каби бўлиши мақсадга мувофиқ.
Асосан зараркунандалардан шира, узунбурун, барг бургалари зарар келтиради. Уларга қарши курашиш учун 10 сотих майдондаги экин учун ДВА-трин 10% ни 40 мл ҳисобида ёки Моспилан 20% ни 25-30 г ҳисобида пуркалади. Касалликлардан эса уншудринг ва оқ чириши зарарлайди. Уларга қарши 1% ли Бордо суюқлигини 60-70 л сувга тайёрлаб пуркагич ёрдамида сепилади.
Шолғом ҳосили кеч кузда пишиб-етилади. Ноябр ойининг охирларида ҳали тупроқ музламасидан аввалроқ йиғиб олинади ва махсус ўраларда кўмиб сақланади.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]
