Уй паррандалари ичида гавдаси энг йириги бу куркалар. Тумшуғини устки қисмида гўштли ортиқчаси осилиб туради ва парранда ҳаяжонланган пайтда 12-15 см.га етади. Куркалар учиш қобилиятини йўқотмаганлиги учун уларнинг қаноти қирқилади. Ёки паррандахона деворларини баланд қилиб қурилади. Инжиқ бўлгани учун уларни 30-35 бош урғочиларига 3-4 бош эркаклари нисбатида ҳар бир бўлимга қўйилади.
Курка жўжаларини тухумдан очиб чиқиши эркак куркалар уруғларининг сифатига боғлиқ бўлади. Эркак куркалар қишда совуққа чидамсиз бўлади, қоронғи хоналар ҳам салбий таъсир этади. Уларнинг рационида ҳайвонларга оид озуқалар етарли миқдорда бўлиши керак. Урғочи куркалар совуққа чидамли (-15°С гача) бўлади, +5°С–10°С ҳароратда тухумни яхши қўяди. Одатда она куркалар бир мавсумда 60-80 донагача тухум қўяди. Куркалар 12 ойлигидан тухум қўйишни бошлайди. Эркак куркалар қўшилиш вақтида урғочи куркаларни яраламаслиги учун оёғидаги тирноғини 1 йилда 2 марта кесиб турилади.
Урғочи курка бошида 4-6 дона тухум қўяди, кейин 1-3 кун дам олади, кейин яна тухум қилишни бошлайди. Она куркаларнинг маҳсулдорлигини ошириш учун хонада қўшимча ёруғлик ташкиллаштирилади.
Она куркалар 20 дона атрофида тухум қўйгандан кейин “ғўл-ғўл-ғўл” деб товуш чиқаришни бошлайди. Агар она курка тухум қўйишни давом эттириши керак бўлса, унда уни уясидан ҳайдаб салқин хонага қамаб қўйилади ва ёнига эркак курка қўйиб юборилади, айрим ҳолларда кучлироқ таъсир этувчи факторлар, яъни ёруғликни кучайтириш, шовқин, хонани алмаштириш ва бошқалар қўлланилади. Лекин шу билан бирга тухумларнинг уруғланиш фоизи пасайиши мумкинлигини инобатга олиш керак бўлади.
Курк бўлган куркалар март ойидан июнь ойигача тухумга ётқизилади. Тухумларини ўзларидан бошқа яна товуқлар ҳам очиб чиқишлари мумкин.
Урчиш даврида кўпинча эркак куркалар озуқа емай қўйишади, бунинг натижасида озиб кетишнинг олдини олиш учун кечаси эркак куркалар урғочиларидан ажратилиб алоҳида хонага қўйилади ва витаминли (сабзи, сут маҳсулотлари, озуқа ҳамиртуриши, ўстирилган дон, ўт уни ва бошқалар) озуқа аралашмалари билан боқилади. Озуқаларни бир қисмини майдаланган ҳолда берилади. Эрталаб эркак куркаларга бир кунлик рационнинг учдан бир қисми берилади. Кундузи ва кечқурун паррандага намланган озуқа берилади, кечаси майдаланган дондан иборат қуруқ озуқа аралашмаси ёки ўстирилган дон берилади.
Курка жўжалари 27-28 кунлари тухумдан очиб чиқади. Тухумдан очиб чиққан курка жўжаларини алоҳида қутига солиб қўйилади. Ҳамма тухумлардан курка жўжалари очиб чиққандан кейин ҳаммаси битта қилиб она курка тагига қўйилади.
Битта она курка тагига 40 тагача курка жўжаларини қўйиш мумкин, она курка бемалол уларни боқиб парвариш қила олади.
Куркаларни қиш мавсумида одатда 3 маҳал озиқлантирилади. Эрталаб бир кунлик дон рационини учдан бир қисми берилади, кундузи намланган ем аралашмаси ва кечқурун бир кунлик дон рационини учдан икки қисми берилади. Дон озуқаларидан куркалар учун энг яхшиси маккажўхори, арпа ва буғдой донлари ҳисобланади. Қиш мавсумида рационга яна димланган ўт уни ва ширали озуқалардан лавлаги, сабзилар берилади.
Кўпайиш мавсумида куркаларга бир кунда 4 маҳал озуқа берилади: 1 марта бир кунлик рационни учдан бир қисми миқдорида донли озуқа берилади, 2 ва 3 мартада кўкатлар қўшилган ва намланган ем аралашмаси берилади, 4 марта бир кунлик дон аралашмаси рационидан учдан икки қисми миқдорида берилади.
Куркачиликда яйловларнинг мавжудлиги катта аҳамиятга эга. Эрта баҳордан кеч кузгача куркаларни боқишда ўтга бой бўлган яйловлардан фойдаланиш лозим бўлади. Ана шу яйловларда куркалар ўз организмларига зарур бўлган витаминга бой турли туман кўк ўтларни ва ҳашоратларга оид протеинга бой озуқаларни – чигирткалар, қуртлар, қўнғизлар, чувалчанглар ва бошқа қурт-қумурсқаларни топиб чўқиб ейди.
Манба: agro.uz
[print-me]
