Ҳозирги кунда Қашқадарё вилояти деҳқон ва фермерлари, қолаверса, томорқа эгалари мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштиришга катта аҳамият қаратмоқда.
Бу борада Чироқчи туманида лалми майдонлардан қўшимча ерлар ўзлаштирилиб, суғориш учун артизан қудуқлар қазилмоқда. Эътиборлиси, деҳқон ва масъул идораларнинг изланишлари натижасида маҳсулотларни ҳалқимиз дастурхонига эртароқ тақдим этишга ҳам эришилмоқда.
Айни кунларда Қашқадарёнинг Чироқчи туманида қовун ҳам пишиб етилди. Таъми тилёрар ва харидоргир қовунлар туманнинг Ўтамайли ҳудудида етиштирилмоқда. Пишиб меъёрига келганлари пешма-пеш истеъмолчиларга етказилмоқда.
Деҳқонларнинг билдиришича, туманда йилнинг февраль ойиданоқ қовун парваришига киришилади. Бунда асосан “Жиян”, “Торпедо”, “Аэропорт” каби экспорт талабига жавоб берадиган навлар танланади.
Аввалига уруғлар махсус идишларга экилиб, иссиқхона шароитида ўстириб олинади. Бўйи меъёрига етган кўчатлар кенг майдонга плёнка остига экиб чиқилади. Кунлар исиши билан палаклар баравж ривожланиши учун ниҳоллар усти очилади. Бу усулни қўллаш орқали эрта ҳосил олиш имконияти ошади.
Манба: bojxona.uz