Арманистондаги энг йирик мева ва узумчилик маркази ҳисобланган Арарат водийсида узумзорларнинг ўта хавфли зараркунанда ҳашароти — филлоксера, бошқача айтганда ток кушандаси тарқалаётгани хабар қилинди. 2000-йилларгача бу ҳудудга филлоксеранинг “қадами” етмаган эди. Аммо бир неча йил олдин ушбу ҳудудда ҳашаротларнинг зараркунандаларнинг катта манбаи аниқланди. Ҳозиргача уларни узил-кесил йўқ қилишнинг чораси топилмагани фермер ва деҳқонлар хавотирини янада оширмоқда.
Филлоксера ҳашаротлари сўнгги 20-30 йил давомида Европа давлатларидаги 60 миллион гектарга яқин токзорлар қуришига сабаб бўлди. Ўз вақтида, филлоксера “босқини” Франция иқтисодиётига жуда катта “зарба” берган. ХХ аср бошларида ушбу мамлакатдаги 2,5 млн. гектар узум майдони кушандалар дастидан тўлиқ йўқотилган.
Ток филлоксераси ўзи учун қулай, яъни нам иқлим шароитида бемалол ривожланади. Ҳамда партеногенетик усулда — урғочилари эркак ҳашаротлар билан қўшилмасдан яхши кўпаяди. Филлоксера сўрувчи ҳашоратлар гуруҳига киради ва фақат токда яшайди. Ток навларининг зараркунанда тушган жойларида чириш ва тўқималарда емирилиш бошланади, сўнгра илдизлар қурийди. Ҳашарот зарарлаган ток тупларининг ўсиши ва ҳосилдорлиги кескин камаяди. Бир неча йилдан сўнг бутунлай яроқсиз ҳолга келади.
Филлоксера овалсимон шаклда, танаси сарғиш-яшил рангда, узунлиги 0,8-1,2 миллиметр бўлади. Шу боис уни оддий кўз билан пайқаш қийин. Ҳашаротнинг 2 хил тури бор: бири кўпроқ ток илдизлари ҳамда узум тупининг ер ости поясида яшаса, бошқаси ток барги ёки қаламчасида ҳаёт кечиради.
Зарарланган ҳудудларда ток фақат ёввойи токка пайванд қилинган ҳолда экилади ҳамда бир йилда 50-60 мартагача кимёвий кураш олиб борилади. Бу эса, ўз-ўзидан узумнинг таъми ва сифатига таъсир этмай қолмайди.
Ўзбекистон хавфдан ҳоли, бироқ…
Ўзбекистон филлоксера “ҳужуми”га учрамаган камсонли давлатлардан ҳисобланади. Аммо бу хавотирга ўрин йўқ, дегани эмас. “Душман” исталган пайтда маҳаллий узумзорларимизга ҳам “таҳдид” солиши мумкин. Бу эса комплекс чора-тадбирларни мунтазам амалга ошириб боришни тақозо этади.
Энг аввало, филлоксера тарқалган мамлакатлардан ток кўчати ва қаламчаларини келтириб экиш мумкин эмаслигини деҳқон ва фермерларимиз, тадбиркорлар яхши билиши шарт. Айни пайтда, ватандошларимиз четдан қўл юки орқали ток кўчати олиб келиниши мамлакатимиздаги бебаҳо узум навларининг йўқотилишига, миллий узумчилик саноатининг инқирозига сабаб бўлиши мумкинлигини унутмаслиги лозим.
Манба: karantin.uz
[print-me]
