Зотни танлаш. Семиртириш учун аввало, гўшт йўналишидаги зотдор сигирлардан олинган буқачаларни танлаш лозим. Уларни қисқа муддатларда семиртириб, сифатли ва кўп миқдорда гўшт олишга эришилади. Бўрдоқичиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан ёш зотдор буқачаларни сотиб олиш ишончли ҳисобланади.
Парваришлаш. Ёш буқачаларни 14-18 ой давомида боқиб, уларнинг вазнини 400-450 килограммга етказиш мумкин. Бунинг учун буқаларни кўк ўт, силос, сенаж, пичан, илдизмевалилар, дон, пахта шулхаси ва беда билан озиқлантириш керак. Бу озуқаларнинг кўпи томорқанинг ўзидан чиқади.
Кўк ўт мол организми учун энг афзал ва қимматли озуқа ҳисобланади. У енгил ҳазм бўлади ва организмга яхши сингади. Вояга етган қорамолга бир кунда 70 килограммгача кўк ўт бериш мумкин.
Силос қишки даврда буқа учун энг арзон ва тўйимли озуқадир. У ёввойи ўтлар, маккажўхори, кунгабоқар ва бошқа ўсимликлар поялари, илдизмеваларни майдалаб, бир-бири билан аралаштирилиб тайёрланади. Вояга етган буқага кунига 40 килограммгача силос берилади.
Пичан томорқада ўстирилган беда ва ўтлардан тайёрланади. Улар гуллаш бошланган пайтда ўриб олинса тўйимли бўлади. Молларга бир кунда 10–12 килограмм пичан берилади.
Сенаж-қорамол учун қимматли озуқадир. У томорқадан чиқадиган беда ва дуккакли экин пояларидан тайёрланади. Илдизмевалилар – қанд ва хашаки лавлаги, сабзи, турп – молга кузда ва қишда 15-30 кг.гача майдалаб берилади.
Терт ем (кепак, кунжара, дон майдалари) ва дағал озуқанинг аралашмаси. Сомон ва хашак сувда 2-3 марта ювилиб, 25% гача ем ва мол бошига 30 грамм ош тузи қўшилгач, яхшилаб аралаштирилади. Кейин илиқ сувда 10-12 соат ивитиб қўйилади. Битта молга 5-6 кг. берилганда жуда иштаҳа билан ейди ва тезда ҳазм қилади.
Донли озуқалар: арпа, сули, нўхат, маккажўхорининг донлари молларга майдалаб ёки янчиб берилади. Буқа яхши ва тўғри боқилса, унинг кунлик вазн ўсиши 800–1200 граммга кўпаяди.
Манба: agro.uz