Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинди.
Қарор билан Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди:
- маҳаллий ғалла ўриш ва пахта териш техникаларини етказиб беришни молиялаштириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган фоиз ставкаси бўйича ва қайтарилиш муддати харажатлар қопланиши муддатига қараб 7 йилдан 10 йилгача бўлган қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади ҳамда молиялаштириш ҳажми Жамғарма даромадлари ва харажатларини шакллантиришда белгиланади;
- қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари, республикада ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта сеялкалари, шунингдек, уч ёки ундан ортиқ омоч корпусларини харид қилиш учун кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ва лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, фоиз харажатларини қоплашнинг ушбу миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўзгаришига қараб Молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги:
- 2019 йилда, эксперимент тариқасида, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини қоплаб беришни таъминлайди;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда пахта териш машиналари хизматига ҳақ тўлаш харажатларини қоплаб бериш бўйича эксперимент натижалари асосида 2019 йил 1 декабрга қадар ушбу амалиётни мамлакатнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифларни киритади;
- 2019 йил 20 апрелга қадар: мазкур қарорда назарда тутилган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;
“Ўзагролизинг” АЖ, “Ўзмашлизинг” МЧЖ ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги 2018 йилнинг IV чорагида лизинг асосида етказиб берилган техникалар учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга 155,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратилишини таъминлайди.
Акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг устав капиталига йўналтирилган маблағларнинг 30 фоизи 2019 йилда маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун мақсадли кредитлар ажратишга йўналтирилади.
Ҳужжатга мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини сотишдан тушган маблағлар 2020 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод этилди.
2020 йил 1 январга қадар лизинг компаниялари ва тижорат банклари учун қўшилган қиймат солиғи лизинг хизматлари қисмида қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган, шу жумладан импорт қилинган лизинг объектини сотиб олиш нархи ва сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
Қарорга кўра, Молия вазирлиги бир ой муддатда қишлоқ хўжалиги техникалари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларига йиллик 5 фоиз ставкада, шу жумладан тижорат банкининг 1 фоиз маржасини инобатга олган ҳолда мақсадли кредитлар ажратиш учун 50 млн АҚШ долларини тижорат банкларига уларнинг буюртманомалари асосида икки йил муддатга депозит сифатида жойлаштиради.
Вазирлар Маҳкамаси:
- бир ой муддатда 2019-2021 йилларда маҳаллий ишлаб чиқарилган кишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида етказиб беришни молиялаштириш мақсадида ҳар йили 100 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредит линиялари жалб қилинишини таъминлайди;
- мамлакатда кишлоқ хўжалиги техникалари учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларининг жадал амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатади ва бунда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖга амалий ёрдам кўрсатади.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Қишлок хўжалиги вазирлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги техникалари учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда 2021 йилнинг охирига барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини камида 40 фоизга етказишни назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Манба: kun.uz
[print-me]
