Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4863-сонли Қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан саримсоқпиёз етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг моддий манфаатдорлигини ошириш борасидаги ишларни тизимли давом эттириш мақсадида Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида Саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилди.
Уюшма томонидан 400 гектар майдонда кластер усулида аҳоли хонадонларини бириктириш орқали саримсоқпиёз етиштирилади.
Уюшмага ташқи ва ички бозор талабларидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 июнга қадар август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таклифлар киритиш ҳуқуқи берилади.
Август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинлари Уюшма таклифига мувофиқ пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган, фойдаланишга киритиладиган, захирадаги ерлар, шунингдек, такрорий экин сифатида ғалладан бўшайдиган ва бошқа ер майдонларига жойлаштирилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда саримсоқпиёз етиштириш лойиҳасини амалга ошириш учун 7 млрд сўм миқдоридаги маблағлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида 1 йиллик муддатга Булоқбоши тумани ҳокимлиги ва Уюшма кафиллиги асосида тенг улушларда ссуда сифатида ажратилади.
Уюшма томонидан саримсоқпиёз етиштирувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш учун ҳар йили июнь-июль ойларида ўқув-семинарларни ташкил қилинади.
