Махсар — Марказий Осиёда кенг тарқалган мойли экин. У қурғоқчиликка чидамли. Махсар мойи бевосита озиқ-овқатга ишлатилади ҳамда маргарин тайёрлашда фойдаланилади. Уруғидан 25-32% ярим қурийдиган, оч сариқ мой олинади. Сифатига кўра кунгабоқар мойидан қолишмайди.
Махсарнинг писталарини қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган кунжарасининг мазаси аччиқроқ, аммо кам миқдорда қорамолларга берса бўлади. Унинг 100 кг кунжарасида 55 озуқа бирлиги, 7-8 % ёғ сақланади. Унидан ўғит сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Махсар уруғлари паррандалар учун яхши озиқа.
Махсар иссиқсевар, қурғоқчиликка чидамли, ёзи қуруқ, қиши совуқ континентал иқлим шароитига мослашган ўсимлик. У гуллаш ва пишиш фазасида иссиқликка жуда талабчан бўлади. Майсалари 5-6 °C совуққа бардош беради. Махсар Ўзбекистон шароитида кузда экилганда майсалари яхши қишлаб чиқади. Кузда экилган махсар баҳорда экилганига нисбатан юқори ҳосил беради.
Гуллаш даврида сернам, булутли об-ҳаво кузатилса, гуллар ёмон чангланади, пистачалар кам ҳосил бўлади, саватча чирий бошлайди. Ушбу экин тупроққа талабчан эмас. У лалмикорликда, суғориладиган минтақадаги бўз, ўтлоқ, ўтлоқ-бўз тупроқларда ўсади. Шўрга чидамлилиги туфайли шўр тупроқларда ҳам ўса олади. Унумдорлиги юқори,
нам билан таъминланган тупроқларда юқори ҳосил беради.
Ўзбекистонда махсарнинг Милютинский-114 нави Давлат рўйхатидан ўтган ва у лалмикорликда, сувликда ўстирилади.
Алмашлаб экишларда махсар кузги ғалла экинлари, тоза шудгор, банд шудгордан кейин жойлаштирилади. Суғориладиган ерларда ғўза, маккажўхори, дуккакли дон экинлари, сабзавот экинларидан кейин экилса, яхши натижа беради. Махсарнинг ўзи ҳам бошоқли дон экинлари учун ўтмишдош.
Лалмикор ерларда махсар экиладиган майдонлар 20-22 см чуқурликда ҳайдалади. Суғориладиган ерларда махсар учун тупроқ 25-27 см чуқурликда кузги шудгор қилинади. Ерни экишга тайёрлаш эрта баҳорда нам сақлайдиган бороналашдан иборат.
Экиш учун тозалиги 95%, унувчанлиги 85% дан кам бўлмаган уруғлардан фойдаланилади. Махсар жуда эрта баҳори дон экинлари билан бир вақтда эка бошланади. Махсарни қатор оралари 30 ва 45 см қилиб экиш кенг тарқалган. Экиш меъёри 10-12 кг/га. Экиш чуқурлиги 5-8 см.
Парвариши майсаларни кўндалангига бороналаш, қатор ораларини 3-4 ишлашдан иборат. Суғориладиган ерларда 3-4 марта суғорилади. Суғориш меъёри 600-800 м3/га. Ҳосил бир фазали усулда, тўла пишиш фазасида қайта жиҳозланган комбайнларда ўриб янчиб олинади.
Манба: «Ўсимликшунослик», Р.О.Орипов, Н.Х.Халилов
[print-me]
