Қуёнчилик — чорвачиликнинг қуён урчитши билан шуғулланадиган тармоғи. Қуёнчиликнинг асосий маҳсулоти — гўшт, тери ва тивит. Қуён гўшти — тўйимли парҳез маҳсулот ҳисобланади. Териси — мўйна ишлаб чиқаришда, тивити — трикотаж ва бошқа буюмлар тайёрлашда ишлатилади.
Қуёнлар тез ва кўп бола беради, йилнинг ҳамма фаслларида болалаши мумкин. Шунингдек улар тез ўсади ва иқлимга тез мослашади.
Қуйидаги қуён турлари хонадонларда кўп боқилади:
- Совет шиншилла — иқлимга тез мослашадиган бўлиб, вазни 3-6 кг келади. Бўйи ва қулоғи кичикроқ қулоғи тик туради, кўкраги кенг, усти кумушсимон кул ранг юнг билан қопланган бўлади. Қорин, бўйин, думининг пастки қисми ва оёғининг ички томони оқ рангда.
- Кулранг йирик қуённинг вазни 4,5-5,5 кг атрофида бўлиб боши ва қулоғи катта, қулоғи икки томонга ажралиб турувчи рим рақамига (V) ўхшайди. Бу зотнинг ранги ҳар хил, асосан кул рангда, оч ва тўқ кул рангли вакиллари ҳам бор. Қорин қисми, оёқларининг ички томони оқ бўлади.
- Оқ великан қуённинг оғирлиги ўртача 4,3-6 кг етади. Мўйнаси зич ва майин, кўзлари қизғиш ёки пушти рангда бўлади. Ранги оқ бўлганлиги учун уларни турли рангга бўяш мумкин. Кумуш ранг қуён зотининг оғирлиги ўртача 4,6 кг, айримлари 6,5 кг келади. Юнгининг умумий кўриниши кумуш рангда, ҳаво ранггача, ўсиқ жунлари қора, тивити ҳаво ранг. Болалари туғилганда қора бўлади, бир ойдан сўнг ўзгара бошлайди ва 4-5 ойлигида кумуш рангга киради.
Қуён 30-32 кунда болалайди битта она қуён боқиш шароитига қараб ҳар гал 6-12 та гача, баъзан 16-19 та гача бола туғади. Қуён болалари туғилган пайтда териси юнгсиз ва кўзи юмуқ бўлади. 5-7 кунлигида юнг ҳосил бўлади, 10-14 кунлигида кўзи очилади, 17-20 кунлигида юради ва ўзи мустақил овқатланади. Қуён болалари тез ўсади. Улар 4 ойда она қуён катталигига етиб олиши мумкин. Қуёнлар яхши парвариш қилинса, йилига 4-6 марта болалайди ва 35-40 тагача бола беради.
Қуёнлар одатда кечаси туғади, эмизади ва уларни юнгига кўмиб қўяди. Қуёнлар туғиши билан болаларини кўздан кечириб, нобуд бўлганлари ажратилади ва тирикларини бир жойга тўплаб юнги билан ўраб қўйилади. Қуёнлар туғиш даврида ва туққандан сўнг сувга жуда ташна бўлади ва уларда минерал моддалар етишмай колади. Натижада ўзи туққан болаларини еб қўйиш ҳоллари кузатилади. Шунинг учун куёнлар инида доимо сув бўлиши ва улар сифатли озик билан тўлик таъминланиши лозим.
Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев
[print-me]
