Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида бугун кўплаб тидбиркорларимиз янги-янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиб, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.
Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги асаларичиликни ривожлантиришга оид қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоятида 130 та фермер хўжалигида кичик асаларичилик хўжаликлари ташкил этилди ва тармоқни жадал ривожлантириш учун тадбиркорларга 1 миллиард сўмдан кўпроқ имтиёзли кредитлар берилди. Ҳозир вилоятда 380 та асаларичилик хўжалиги фаолият кўрсатаётир.
Шуниси эътиборга моликки, асалари боқишни ният қилган тадбиркорларни вилоятда ташкил этилган наслчилик хўжаликлари асалари уяси оиласи билан таъмин этаётир. Жорий йилнинг ўзида “Ниҳол сеҳри савдо сервис” хусусий корхонаси, “Муқимий асл асал” фермер хўжалиги ва Гулистон шаҳридаги якка тадбиркор Шоира Абдуғаффорованинг наслчилик хўжаликлари асалари боқишга хоҳиш билдирган тадбиркор ва талабгорларга наслли асалари оилаларини етказиб берди. “Ниҳол сеҳри савдо сервис” хусусий корхонаси раҳбари Бекзод Олимов Мирзаобод тумани ва Гулистон шаҳрида уя ясаш цехи, асаларичилик анжомлари ва қадоқланган асал сотиш дўконларини йил бошида ишга туширган эди. Бу тадбиркорларга катта қулайлик туғдириб, вилоятда асаларичиликни янада ривожлантиришга кенг йўл очиб берди. Хусусий корхона дўконларида бу шифобахш неъмат идишларга қадоқланиб, аҳолига тортиқ этилмоқда. Гулистон шаҳрининг Сайхун кўчасида асал билан савдо қилувчи, асаларичилик анжомларини реализация қиладиган дўкон ҳам доимий ишлаб турибди.
Асал нафақат шифобаш неъмат, балки у даромад манбаи эканлигини бугун кўпчилик англаб етган. Масалан, битта асалари оиласи бир йилда 4 миллион 750 минг сўм фойда келтирса, юзта асалари оиласини боқаётган тадбиркор 400 миллион сўмдан ошиқ соф фойда кўради.
– Битта асалари уясини анжомлари билан 800 минг сўмга сотиб олиш мумкин, – дейди Боёвут туманидаги “Асалчи” фермер хўжалиги раҳбари Примқул Ортиқов. – Ҳозирда 150 та асалари уясини боқиб, хўжалигимизда хизмат қилаётган ишчи-ходимлар билан бирга турмушмимиз ободлигини таъминлаб келмоқдамиз. Хўжалигимизга 10 гектар ер ажратиб берилса, беда ва пахта экиш ҳисобига маҳсулдорликни янада оширган бўлардик. Соҳа масъуллари бу жиҳатни ҳам эътиборга олади, деган умиддамиз.
Асаларичиликни ривожлантириш давлат миқёсидаги вазифа этиб белгиланганлиги натижасида вилоятда ҳам алоҳида асаларичилик уюшмаси ташкил этилди. Заҳматли меҳнат соҳибларини қўллаб-қувватлаш, бой тажрибаларини оммалаштириш мақсадида уларнинг тажриба алмашинуви намунали йўлга қўйилди.
– Асални етиштиришгина эмас, уни экспорт қилиш ҳам зиммамизга катта масъулият юклайди, – дейди Сирдарё вилояти асаларичилик уюшмаси раиси Бекзод Олимов. – Шу мақсадда хориждан шифобахш неъматни қадоқлаш ускунасини келтириб ўрнатяпмиз. Цех ишга туширилиши билан етиштирилган асалларни қадоқлаб, хорижий давлатларга кенг кўламда сотишни йўлга қўямиз. Бу эса асалчиларимиз кўраётган фойданинг бир неча ўн баробарга ошишини таъминлайди.
Манба: «Қишлоқ ҳаёти» газетаси
[print-me]
