“Ўздавкарантин” ҳамда “Россельхознадзор” хизматлари ўртасида олиб борилган музокараларнинг навбатдаги натижаларига кўра, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Россия Федерациясига Фарғона вилоятидан қуритилган маҳсулотлар экспортига рухсат берилди. Мазкур келишувга қадар Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси марказий аппарати, ўсимликлар карантини илмий маркази ҳамда марказий карантин лабораториясидан иборат ишчи гуруҳ вилоятдаги фитосанитар ҳолатни чуқур ўрганиб, таъқиққа сабаб бўлган капр қўнғизи билан боғлиқ таҳлилларни олиб борган эди.
Тадбиркорлар учун мазкур янгилик баробарида, энди Россия Федерациясига қуритилган маҳсулотларнинг экспорт жараёнида қўшимча талаб киритилди. Унга мувофиқ, фитосанитария сертификатларида мажбурий равишда «қўшимча декларация» устуни бўлиб, унда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонанинг номи ва манзили, шунингдек, маҳсулот маркировкаси ҳам кўрсатилади.
Шу билан бирга, Республиканинг Фарғона вилоятидан экспорт қилинувчи қуритилган мева маҳсулотларининг ҳар бир партияси учун дастлабки электрон хабарнома ҳамда маҳсулотнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория текширув хулосалари илова қилинади.
Манба: karantin.uz