Жорий йил 25 ноябрь куни Россия Федерациясининг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизматининг (Россельхознадзор) расмий веб-сайтида Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясига булғор қалампири ва помидор маҳсулотларини кириб келиши учун вақтинчалик таъқиқ қўйилгани тўғрисида мақола чоп этилган.
Ушбу таъқиқ фақатгина Фарғона вилоятидан экспорт қилинувчи маҳсулотларга тааллуқли экани қайд этилган.
Бирламчи ўрганишлар кўрсатдики, Фарғона вилоятидан юборилган булғор қалампири (4 кг.) ва помидор (6 кг.) маҳсулотларининг намуналарида “Россельхознадзор” лаборатория таҳлилларига кўра, “Tomato brown rugose fruit virus” вируси аниқланган.
Мазкур хабардан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбарияти томонидан “Россельхознадзор” раҳбарияти билан тезкор равишда онлайн музокаралар ўтказилди.
Музокаралар натижасида, мазкур таъқиқни қисқа муддатларда ечиш мақсадида маҳсулотлар етиштирилган ҳудуддаги барча иссиқхона ва экин майдонларида ўсимликлар карантини назорати ўтказилиши ва мазкур касалликни ҳамкорликда ўрганишга келишилди.
Қайд этиш лозимки, “Tomato brown rugose fruit virus”, яъни помидорнинг жигарранг буришиш вируси шу пайтгача Ўзбекистон ҳудудида аниқланмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси вакилларидан махсус Ишчи гуруҳ тузилиб, шу куннинг ўзида Фарғона вилоятига юборилди.
Манба: «Ўздавкарантин» инспекцияси ахборот хизмати (karantin.uz)