Тарвуз энг безарар полиз маҳсулоти саналади. Чунки унинг қаттиқ пўстлоғи турли зарарли моддаларни ташқи муҳитдан киришига йўл бермайди. Айниқса сўнгги йилларда тарвузни етиштириш бир мунча ортди. Ўзбекистонда тарвузнинг 47 та навлари ҳудудлаштирилган бўлиб, шулардан 15 та маҳаллий, қолгани чет эл навларидир. Қуйида юртимизда энг кўп тарқалган тарвуз навлари тўғрисида маълумот келтирилган:

Дилноз нави
Эрта-ўртапишар нав бўлиб, ўсиш даври 80-85 кунни ташкил этади. Меваси шарсимон, пўсти тўқ яшил, қора тикансимон гуллари бор, вазни 3-4 кг га етади. Эти тўқ қизил, серсув бўлади. Таркибида қанд миқдори 7,5-8,5% га тенг. Ҳосилдорлиги 30-35 т/га етиши мумкин. Ташишга чидамлилиги юқорилиги ажралиб туради.
Манзур нави
Эртапишар нав бўлиб, ўсиш даври 80-90 кунни ташкил этади. Палаги ўртача, ён шох ва барглар сони ўртача бўлади. Барги конуссимон, яшил рангли, бир оз майин, тукли, оч яшил тусда бўлади. Меваси шарсимон, ўртача ҳажмда, вазни 2,5-3 кг га этади. Пўсти қаттиқ, оч яшил, тикансимон тўқ яшил гуллари бор. Эти малинасимон, уруғлари майда бўлади. Ҳосилдорлиги 25-30 т/га етади.


Қўзибой-30 нави
Кечпишар нав бўлиб, ўсиш даври 120-130 кунни ташкил этади. Палаги катта, пояси узун бўлади. Меваси юмалоқсимон, юзаси силлиқ, яшил, баъзан қорамтир, юзасида четлари жимжима, ингичка, кам билинадиган тасмалари бор. Вазни 5-6 кг га етади. Пўсти қаттиқ, эти оч қизил, серсув, ширали, баъзан толали бўлади. Дегустацион баҳоси 3,5-4,7 баллга тенг. Таркибида қуруқ модда миқдори 7,2%, қанд миқдори 6,8% ни ташкил этади. Ҳосилдорлиги 35-40 т/га етади. Қишда яхши сақланади, узоқ масофаларга жўнатишга яроқли, қурғоқчиликка чидамлили билан ажралиб туради.
Ҳайит Қора нави
Кечпишар нав бўлиб, ўсиш даври 120-130 кунни ташкил этади. Палаги катта, ён шох ва барглар сони кўп бўлади. Барги конуссимон, яшил рангли, бироз майин тукли бўлади. Меваси нотўғри шарсимон, йирик, вазни 5-6 кг тош босади. Юзаси силлиқ, мева банди томони сезилмас дўнгроқ, ерга тегиб турган жойлари сарғиш жигарранг, пўсти қаттиқ, тўқ яшил, баъзан қорамтир тусда бўлади. Эти қизил, серсув, сершира, эрувчан, жуда ширин бўлади. Дегустацион баҳоси 5,0 баллга тенг. Таркибида қуруқ модда миқдори 8,1%, қанд миқдори 7,2% ни ташкил этади. Ҳосилдорлиги 35-40 т/га етади. Қишда яхши сақланади.

Янги тарвуз навлари билан танишинг
Ширин нави
Эрта-ўрта пишар нав бўлиб, ўсиш даври 86-89 кунни ташкил этади. Меваси шарсимон бўлади. Пўсти оч яшил ёки тўқ яшил бўлиб, ўртача энли тикансимон гуллари бор. Вазни 3-4 кг тош босади. Эти оч қизил, серсув бўлади. Таркибида қанд миқдори 11,0-11,4% ни ташкил этади. Ҳосилдорлиги 30-35 т/га етиши мумкин. Ташишга чидамлилиги юқори эканлиги билан ажралиб туради.


Шарқ неъмати нави
Эрта-ўртапишар нав бўлиб, ўсиш даври 89-90 кунни ташкил этади. Меваси шарсимон кўринишда бўлади. Пўсти оқиш яшил бўлиб, яшил энсизроқ тикансимон гуллари бор, вазни 4,8-5,4 кг етади. Йириклари 10-12 кг тош босади. Эти тўқ қизил, серсув бўлади. Таркибида қанд миқдори 10,9 -11,0% ни ташкил этади. Ҳосилдорлиги 39-41 т/га етиши мумкин. Ташишга чидамлилиги ўртача ҳисобланади.
Манба: М.У.Ҳалимова, «Қовун ва тарвуз етиштириш» китоби (Агробанкдан 100 китоб тўплами)
[print-me]
