Хурмо Ўзбекистон учун нисбатан янги субтропик дарахт ҳисобланади. 1938 йилда Деновдаги Жанубий Ўзбекистон тажриба станциясида илк бор ярим гектарлик хурмо боғи ташкил этилган. Ҳозирда унинг “Вахш”, “Шарқ хурмоси”, “Зенджи-мару”, “Тожикистон” навлари Сурхондарё, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва бошқа вилоятлардаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларида парваришланмоқда.
Хурмодан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун дарахтларни агротехника қоидаларига амал қилган ҳолда парваришлаш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш лозим.
Хурмо дарахти қуёш нури кўп тушадиган ерда яхши ва бақувват бўлиб ўсади. Боғлардаги дарахтлар оралиғи қора шудгор қилинади. Томорқаларда дарахтлар атрофи юмшатилади.
Бир гектар боғ майдонига соф ҳолда 100-120 килограмм азот, 70-100 килограмм калий ва 90 килограмм фосфор солинади. 10-20 тонна чиринди ҳам берилади. Томорқадаги бир туп хурмо дарахти тагидаги тупроққа соф ҳолда 250-300 гр. азотли, 200-220 гр. фосфорли ва 180-200 гр. калийли ўғит солинади. Ҳар 2-3 йилда ўртача 50-60 килограмм чириган гўнг бериш ҳосилдорликни оширади.
Ўсув даврида ер шароитига қараб 8-10 марта суғорилади. Чанқатиб ёки чўллатиб суғориш мумкин эмас.
Хурмо дарахтига ўргимчак ва қизил кана, қалқондор, узум куяси каби ҳашаротлар, бактериоз, чириш ва мева тўкилиш касалликлари зарар етказади. Ҳашаротлар шохлар, новдалар, барглар ва меваларга жойлашиб олиб, уларнинг ширасини сўради. Дарахтнинг ўсиши ва ривожланиши сустлашади. Барглари, мевалари тушиб кетади, ёш ғўралар пишмай қолади. Касалликлар ҳам худди шундай оқибатларга олиб келади.
Қиш мавсумида ҳашаротларга қарши “Препарат-30” мойи, касалликларга қарши 1 фоизли мис купороси ёки 3 фоизли бордо суюқлиги билан ишлов берилади. Баҳорда гуллашдан олдин ва кейин 1 фоизли бордо суюқлиги пуркалади. Дарахт танаси 10 фоизли оҳак эритмасига 3 фоизли темир купороси қўшиб оқланади. Бундай карантин тадбирлари хурмо ҳосилдорлигини ва товар сифатининг ошишини таъминлайди.
Манба: Муроджон Муҳаммаджонов, “Тошкент Аэро” ўсимликлар карантини чегара маскани агроном испектори. «Қишлоқ ҳаёти» газетаси
[print-me]
