Кабоб (шашлик) – бу хушбўй ифорли, ёқимли ва бетакрор таъмни ўзида жамлаган бу таомдир. Бу лаззатли таомни байрамларда, айниқса Янги йил байрами дастурхони учун тайёрлаш урфга кирган. Кабобни пишириш оддий ишдек кўринса ҳам, унинг маззали чиқиши учун бир неча меъзонларга амал қилиш зарур.
Гўшт танлаш ва кесиш
Кабоб учун ёш қўй ёки ғунажин гўштининг кам ҳаракатланадиган қисмидан олиш керак. Гўштни чиройли кесиш мақсадида сал қаттиқроқ бўлгунча тузламаган ҳолда музлатгичга яхламаслиги учун оз муддат қўясиз. Кейин музлаткичдан олиб, фақат лаҳм жойларини ажратиб олиб, чиройли қилиб 2,5-3 см қалинликда кубик шаклида кесиб чиқасиз. Кабобни янада маззали чиқиши учун ҳар бир гўштнинг орасига ёғ қўйиб сихлаш керак. Ёғ танлашда қорамолнинг ошқозони атрофидаги пардасимон ёғларнинг 0,5-1 см қалинликдаги қисмидан сотиб олиш керак бўлади.
Мариновка (2 кг гўшт учун)
Гўштнинг таъми ўзида сақланиб қолиши учун аввало қуруқ мариновка қилишимиз керак. Бу учун албата гўштимиз юмшоқ бўлиши шарт. Аввал идишга гўштни солиб тузлаймиз, кейин қуйидаги махсулотлар ёрдамида мариновка қиламиз.
1. Гўштнинг таъми чиқмаслиги ва ўзига янада мазали там олиши учун мариновкамизга 80 мл қаймоқ соламиз. Қаймоқнинг таркибидаги ёғ мариновка вақтида гўштнинг атрофини ўраб олиб унга ўзгача там беради ва кабобни пишириш пайтида гўштнинг юза қисми қора бўлиб куйиб қолмаслигини олдини олади.
2. Қуйидаги меваларнинг бирини сиркасидан ишлатамиз:
- узум сиркаси 6 ош қошиқ;
- анор сиркаси 6 ош қошиқ.
Сирка танлашда унинг қуюқроғини, узоқ йиллилигини ва ўткир ҳидлигини харид қилинг.
3. Ярим килограмм пиёзни сихлаш пайти гўштдан ажратишга қийналмаслик учун йирикроқ қилиб ҳалқа шаклида тўғрилаб соламиз.
4. Қуйидаги зираворлар таъбга қараб қўшилади:
- кинза бир чой қошиқ;
- зира икки чой қошиқ.
- занжабил (имбир) бир қошиқ
5. Аччиқ қалампир, бу махсулотни ўзини мариновкага ишлатиб бўлмайди, лекин кабобни тишлаганда салгина қалампирнинг тами тилингизга сезилса кабоб янада ажойиб чиқади. Қалампир таъмини гўштга бериш учун сиркага қалампирни майдалаб камида бир ой олдин аралаштириб қўясиз. Иккинчи усули эса қалампирни майин тўғрилаб олиб сиркага қўшиб эзиш мосламаси (блендер) ёрдамида яхшилаб эзиб, сирка суюқлигини докадан ўтказиб алоҳида қилиб оласиз. Қалампир таъмли сирка билан гўштни мариновка қилсангиз кабоб жуда мазали бўлади.
Мариновка қилинган гўштни устини оғирроқ нарса билан қаттиқ ёпамиз-да, 4 соатдан 24 соатгача вақт мобайнида музлатгичда ёки салқин хонада қўямиз. Агар олган гўштингиз юмшоқ бўлмаса икки-уч суткагача мариновка қилиб қўйишингиз мумкин.

Кабобни пишириш
Олов таёрлашда кўмир, кўмир бўлмаса саксовул ёки ўрик дарахтлари яхши ёнади. Шашликни баланд оловда пиширсангиз гўштнинг мағзи пишмасдан қолади. Жуда паст оловда пиширсангиз, гўштингиз қаттиқроқ бўлиб сели чиқиб кетади. Шу сабаб оловни меъёрида иссиқлик берадиган даражада таёрлаш керак. Оловни меъёрини билмасангиз, имкон қадар гўштни йирикроқ кесмасликка ҳаракат қилинг. Гўшт ингичкароқ кесилган бўлса жуда тез пишади ва мағзи пишмасдан қолмайди. Пиширишда тажрибага эга бўлмаганларга аввалиги кабобнинг бир дона сихини пишириб кўришни тавсия қиламан.
Манба: usmonov.uz
[print-me]
