Японияликлар Булоқбоши майизига харидор

“Дўланалик боғбон меваси” фермер хўжалигида бошланган хайрли иш боис Андижонда етиштирилган майиз Ўзбекистон брендига айланди.

Қора ва оқ майиз кеча кашф қилинмаган. Водийда “Офтоби”, воҳада эса “Сояки” усулида майиз тайёрлаш анъанавий тус олганлиги маълум. Замонлар ва одамлар ўзгариши сабаб айнан Андижонда майиз тайёрлаш кўпчиликнинг ёдидан кўтарилди. Тўғри, жойларда ҳозирга қадар “Офтоби” усулида қора ва оқ кишмишдан майиз тайёрланаётганлигига гувоҳ бўламиз. Бироқ, унинг барчаси бозорга чиқарилмайди ва томорқа эгалари ўз эҳтиёжлари учун ишлатишади.

Булоқбошилик соҳибкор Ҳабибулло Назаров фермерлар авлодидан. Боғбончилик ва соҳибкорлик касбини ўз даврида улуғлаб, эл назарига тушган Неъматилло Назаровнинг фарзанди бўлмиш Ҳабибулло республикамизнинг бир қатор ҳудудларидаги ҳамкасблари билан ўртоқлашар экан, майиз тайёрлашни ўзлаштириш ва омма­лаштиришни ўз олдига мақсад қилиб олди.

Ҳабибулло Тожикистон, Грузия, Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон каби мамлакатларда бўлиб, узум етиштириш борасидаги тажрибаларини бойитди. Республикамизнинг қайси ҳудудида токчилик ривожланган бўлса, ўша жойларга қадамма-қадам борди-келдини канда қилмади.

Самарқандлик ҳамкасбларининг тавсияси билан 2017 йилда тажриба сифатида 1 гектарлик ёш токзорни пайвандлаш усулида майизбоп узум етиштиришга ажратди. Самарқандлик биродарлари тақдим этган “Сўғдиёна” навли қора узум пайвандланган йилнинг ўзида куртак берди. Ўтган йили нишона ҳосилдан 2 тоннаси алоҳида жойда Самарқандда урф бўлган “Сояки” усулида қуритишга қўйилди.

Майиз сифати бозорбоп эканлигига ишонч ҳосил қилган тадбиркор фермер бу ҳақда пойтахт­даги ҳамкасбларига билдирди. Орадан кўп ўтмай Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари Ҳабибулло Назаровни сўраб-сўраб топишди ва илк бор тажриба сифатида тайёрланган майиз намунасидан бир сиқимини ўзлари билан олиб кетишди. Бир муддат ўтгач, Япония элчихонасидан қўнғироқ бўлиб, барча майизни харид қилишга тайёр эканлигини айтишди. Ваҳоланки, 2 тонна етилган узумдан 500 килограмм­дан зиёдроқ майиз олинган эди.

Ҳабибулло Назаровнинг эътироф этишича, Япония савдо компанияси Андижонда тайёрланган қора майизни Ўзбекистон бренди сифатида қабул қилибди. Кунчиқар мамлакатда 500 килограмм майизи билан кўплаб савдо компанияларининг назари тушган Ҳабибуллога буюртмалар келиши кўпайди. Айтишимиз жоизки, халқаро бозорга, айниқса, ўзига тўқ давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш шунчаки иш эмас. Талаблари бир дунё бўлади. Ана шу мезонга ­лойиқ топилган Андижон майизининг эртаси борлигини тушуниш вақти келди.

Куз бошида енгил конструкция асосида барпо этилган жойга ипларга маржондек қилиб узум териб чиқилди. 4 октябрь куни япониялик харидорлар назорат тартибида яна бир бор Булоқбошига ташриф буюришди. Ҳар бир дона узумдаги ғуборлар сабаби ҳақида меҳмонлар фермердан сўрашди. Боғдорчилик борасида олий таълим олган, миришкор ҳамкасблари билан доимий мулоқотда бўлиб турадиган Ҳабибулло ғубор узумдаги биологик фаолликни сақловчи восита эканлигини илмий жиҳатдан тушунтириб бердики, меҳмонлар бундан мамнун бўлишди.
Ўртада буюртмачи компания вакили бир неча бор Булоқбошига ташриф буюрди ва олдиндан тахминий тарзда 1,5 тонна қора майиз хариди учун 9 минг АҚШ долларини хўжалик ҳисоб рақамига ўтказиб қўйди. Орада Ҳабибулло харидор компания таклифи билан Япония сафарида бўлди.

Хорижлик харидорларнинг ишончини оқлаш учун ҳали кўп иш қилиш кераклигини фермер англаб етмоқда. Қайта-қайта ҳисоб-китоблардан сўнг фермер 10 гектарлик яхлит майдонда майизбоб ток парвариш қилиш билан боғлиқ лойиҳа устида бош қотирмоқда ва тегишли идоралар билан масаланинг ечими устида ишламоқда.

“Сўғдиёна” навли майизбоп токнинг ҳар гектари 32 тоннагача ҳосил бера олади. Бу 6 тонна майиз демакдир. Вилоятда узум етиштириш учун табиий муҳит мавжуд. Асака, Марҳамат, Булоқбоши, Хўжаобод, Жалақудуқ, Қўрғонтепа ва Пахтабод туманларида айнан узум етиштиришга мос майдонлар кўп. Афсуски, уларнинг аксариятининг ҳозирча эгаси топилмаяпти.

3 тонна майиз ва унинг ҳар килоси ташқи бозорда улгуржи нархи 6 АҚШ доллари эканлигини инобатга олсак, фермерлар, тадбиркорларнинг минг-минглаб ишчи ўринлари кўз олдимизда намоён бўлади.

«8 тонна узумни идишларга жойлаб хориж бозорига чиқариш тайёрловчи олдига кўплаб қийинчиликларни рўпара қилади» – дейди Ҳабибулло Назаров, «Америкада ҳам, Ҳиндистонда ҳам узум етиштирувчи фермерлар тўғридан-тўғри логистика марказлари билан алоқада бўлишади. Иш жараёнларини кузатиб ҳавасимиз келди… Негаки биз бўлган жойларда фермер фақат маҳсулот етиштириш билан банд».

Манба: Қобилжон Асқаров, “Qishloq hayoti” газетаси мухбири

[print-me]

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар