Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Узум ҳосилини ўз вақтида ва тўғри йиғиштириб олиш учун ҳосилни йиғиштириш режасини тузиш керак. Ушбу режада мева сақлагич идишлари, зарур бўладиган транспорт воситалари, қуритиш майдончалари ҳолати ўз аксини топади.

Узум узишдан аввал, ҳосил миқдори икки марта чамаланиб чиқилади. Биринчи марта-июннинг бошида тўпгул ва тугунларга қараб, иккинчи марта-июльда узум бошлари ва ғужумларга қараб аниқлаш зарур.

Ҳосилни йиғиштириб олиш вақти, унинг пишганлиги ёки маълум бир маҳсулот ишлаб чиқариш учун узумнинг
қандлилиги ва кислоталилиги аниқланади. Кишмиш навлар қандлилиги 24-25% лигида, майизбоп навлар 22-23% лигида узиб олинади. Оқ мусаллас ишлаб чиқариш учун узум қандлилиги 17-18%, қизил мусаллас учун 18-20%, хўраки навлар таркибида қанд миқдори 16-17% ва ундан юқорилигида йиғиштириб олинади. Узум узишдан 2-3 ҳафта олдин токзорларни суғориш тўхтатилиши керак.

Ўзбекистонда узум пиша бошлаганидан тўлиқ пишгунча бўлган муддат 15-20 кунни ташкил этади.

Узумни ҳаво қуруқ вақтда узиш тавсия этилади. Хўраки навлар танлаб, фақат пишган узумбошларигина узилади. Узумбошлари ўткир боғ қайчи ёки махсус қайчилар билан кесилади. Бунда узумбошини бандидан ушлаб туриш керак. Зарарланган ёки шикастланган мевалар алоҳида жойланади. Узилган узум бошлари яшикларга ёки сиқими 10-12 кг ли саватларга жойланади. Навларни аралаштириб юборишга йўл қўйилмайди.

Узум махсус шийпон ёки жойида яшикларга жойланади. Узумни яшикларга жойлаштиришда бандлари пастга қаратиб қўйилади. Яшикда бўш жойлар бўлмаслиги керак. Бундай жойларга массаси 150 г дан кам бўлган узум бошлари жойланади.

Узум узиш ва ташиш учун фойдаланиладиган идишлар тоза ва хидсиз бўлиши керак: бунинг учун ишдан кейин куннинг охирида у тоза сув билан яхшилаб ювилади. Узум узишда оқланмаган ва сирланмаган металл идишлардан фойдаланишга йўл қўймаслик керак, чунки идишга узумдан оққан ширанинг кислотаси тунукага таъсир этади. Мевани қорайтириб, тез бузади.

Ҳар бир қаторнинг ўртасидан узум узиш бошланади. Узум узишда ҳар доим узум бошлари ток қайчи ёки оддий қайчидан (яхши никелланган, ўткир) фойдаланиб, кесилади. Кесишда узум боши шундай ушланадики, бунда ҳамма ғужумлар сакланиб қолиши керак. Касалланган ва зараркунандалар билан зарарланган узум бошлари ва ғужумлар алоҳида идишга жойланади. Лой ва чанг билан ифлосланган узум бошлари ҳам алоҳида жойланади.

Манба: У.И.Маматов, «Узум етиштириш» китоби (Агробанкдан 100 китоб тўплами)

[print-me]

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар

Чилонжийдани уруғидан кўпайтириш