Мевали дарахтларга шакл бериш асрлар давомида дарахт новда ва шохларини кесиш орқали амалга ошириб келинган. Дарахт танасини керакли томонга йўналтириб, шаклга солиш – кучли дарахт асосини яратиш самарали усул ҳисобланади. Дарахтларга шакл бериш уларнинг узоқ яшашлари учун муҳим омилдир. Дарахтларни кесиш боғбонлик сирларини янги ўрганаётганлар учун мураккаб бўлиб туюлиши мумкин. Аммо кесиш жараёнида йўл қўйиладиган кичик хатолар одатда дарахтга катта зарар етказмайди.
Шакл бериш ва буташ гилосни парваришлашдаги муҳим тадбир ҳисобланади. Унинг ёрдамида кутилаётган катта ҳосил оғирлигини кўтарадиган шох-шабба шакллантириб борилади.
Биринчи йили дарахт танасининг бўйи белгилаб олинади. Бунда тананинг бўйи 60-70 см ўлчанади. Юқорига қараб 4-6 та куртак саналади ва шу куртаклардан юқори қисми кесилади. Иккинчи йил баҳорида биринчи ярус асоси шакллантирилади. Биринчи ярус новдалари марказий танадан турли томонларга қарата шаклланган бўлиб, улар 0,5 метр узунликда қолдириб кесилади. Учинчи йил эрта баҳорда шох-шаббанинг ичкарисига қараб ёки вертикал ҳолатда ўсган шохлар кесилади. Бунда иккинчи ярус шакллантирилади ва уларнинг узунлиги тартибга солинади.
Иккинчи ярус шохлари биринчи ярусдагилардан 15 см қисқа ва 20 см пастда бўлиши керак. Асосий тана иккинчи ярус бошланган нуқтадан юқорига 0,5 метр ўлчаниб, 6 та куртакдан кейин кесилади. Тўртинчи йил баҳорида дастлабки икки ярусни шакллантириш якунланади. Агар дарахт юқорисида шохлар пайдо бўлган бўлса, учинчи ярус
ҳам шакллантирилади. Бунинг учун шохлар марказий тана узунлигидан 20 см қамроқ қилиб кесилади. Бешинчи йил баҳорида гилос шох-шаббасини шакллантириш якунланади. Шу йилдан бошлаб гилос тўлиқ ҳосилга киради.
Гилос дарахтлари шох-шаббасини тартибли шакллантиришда – гилос кўчатлари экиш муддатидан (кузда ёки баҳорда) қатъи назар эрта баҳорда, қандай баландликда биринчи шох ҳосил қилиш режалаштирилишига қараб, ердан 75-90 см масофада қисқартирилади. Ўсаётган новдалар 10-15 см узунликка етгач, ёғоч чўплар ёрдамида етакчи шохдан тўғри бурчак остида қочувчи шохлар ҳосил қилиш мақсадида горизонтал ҳолатигача эгилади. 2-3 ҳафта ўтгач, горизонтал эгилган новдалар қутб таъсирида вертикал ҳолатда ўса бошлайди.
Кўчат экилгандан кейинги иккинчи йили эрта баҳорда, куртакларнинг тиним даврида етакчилик вазифасини бажарадиган (дарахтлар орасидаги масофа 6 метр бўлганда) уч-тўртта, дарахтлар ораси ундан катта бўлганда тўрт-бешта етакчи шох танлаб олинади. Асосийси етакчи шохлар йўналиши вертикал бўлиши талаб қилинади. Етакчи шохларнинг кучли ўсиб кетишининг олдини олиш мақсадида яна бир-иккита вақтинчалик қўшимча шох қолдириш
фойдадан холи бўлмайди. Қолган шохлар кесиб ташланади. Етакчи шохлар асосидан 60-90 см масофада қисқартирилади.
Ҳосилга кирган гилос дарахтида ўсиш сусаяди. Шох-шабба қалинлашади. Шуни эсда сақлаш керакки, гилос шохларида гул куртаклари ҳосил бўлиши учун кўп миқдорда ёруғлик талаб этилади.
Шунинг учун дарахт шох-шаббаси ичига ёруғлик тушишини тўсувчи йўғон шохлар ҳамда ортиқча бачки новдалар ўсишига йўл қўймаслик мақсадида дарахтнинг юқори қисмида вақтинча қолдирилган, ярим склет шохлар асосидан олиб ташланади. Бу тадбирлар эрта баҳорда ўтказилади. Йўғон шохлар дарахтнинг шох-шаббаси асосида, улардан юқорида жойлашган шохлари эса нисбатан ингичка бўлиши керак. Ҳар бир етакчи шох алоҳида урчуқсимон (дуксимон) кўринишда бўлиши керак.
Сифатли гилос мевалари ёш новдалардан олинади. Шунинг учун дарахт шох-шаббаси ичида кўплаб уч ёшдан катта бўлмаган шохлар бўлишига эришиш мақсадида ҳар йили бир-иккита эски шохлар кесилиб, янгилари билан алмаштириб турилади. Дарахтда ҳосил бўлган кучсиз, нимжон, осилиб қолган, одатда майда мева ҳосил қилувчи шохчалар ҳам асосидан қирқиб ташланади. Дарахт мўлжалдаги баландликдан ортиб кетса, юқоридаги бачки новдаларни қирқиб ташлаш орқали унинг ўлчами чекланади. Шунингдек, дарахтнинг пастки қисмида жойлашган ҳосилдор шохларга соя берувчи етакчи шохларнинг юқори қисмидаги шохлар олиб ташланади.
Агар дарахт кучли ўсиб, пастки шох-шаббалар қалинлашиб кетса, ёзда шох-шаббанинг ички ҳамда тармоқ новдалари қисқартириб қўйилади.
Иккинчи тартибдаги ён шохларни шакллантириш, дарахтнинг пастки қисми йўғон бўлиб, юқорилаган сари нисбатан ингичка бўлишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Гилос дарахтларига шакл беришнинг кенг тарқалган яна бир усули – бу вазасимон усулдир. 4-5 асосий шохлар танланганда, улар дарахт танасида вертикалига бир-биридан 10-15 см масофада жойлашган бўлиши тавсия этилади. Ёш гилос дарахтининг новдалари 2-2,5 м узунликкача ён шох чиқармай ўсиши мумкин. Бундай ҳолат учраганда, новдаларни қисқартириш билан уларни ён новда чиқаришга мўлжаллаб шакл берилади ва вертикалига бир-биридан 10-15 см масофада жойлашган бўлиши тавсия этилади.
Ёш гилос дарахтининг новдалари 2-2,5 м узунликкача ён шох чиқармай ўсиши мумкин. Бундай ҳолат учраганда, новдаларни қисқартириш билан уларни ён новда чиқаришга мўлжаллаб шакл берилади.
Ёзги кесиш орқали дарахтларнинг ҳаддан зиёд баланд бўлиб кетишига йўл қўйилмайди. Баланд дарахтлар бир қатор камчиликларга эга бўлади. Юқори қисми соябонга айланиб, қуйи қисмидаги шохлар ҳосил беришига тўсқинлик қилади. Зараркунандаларга қарши сепилган дорилар дарахтнинг барча қисмларига яхши етиб бормайди. Кураш таъсири кучсиз бўлади. Шунингдек, баланд шохлардаги ҳосилни териб олишда қийинчиликлар юзага келади.
Биринчи саноат аҳамиятидаги гилос ҳосили кучли пайвандтагли кўчатлардан экилгандан кейинги 4-6-йили ва ундан кейинги йилларда олинади. Бундай боғлар тўлиқ ҳосилга киргач, яна ўн беш йилгача камида 20 тоннадан юқори сифатли мева ҳосили бериши амалиётда тасдиқланган.
Манба: А.Э.Қаршиев, «Гилос етиштириш» китоби (Агробанкдан 100 китоб тўплами)
[print-me]