“Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-5200) қабул қилинди.
Табиий иқлим шароити, аҳолининг деҳқончилик маданиятидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 48 та туман узум етиштиришга ихтисослаштирилади.
2021 йил 1 августдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар) токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш учун очиқ танлов асосида 30 йил муддатга ижарага берилади.
2022 йилдан ҳар 2 йилда бир маротаба узумчилик йўналишида “энг яхши узум нави”, “энг яхши интенсив токзор”, “энг яхши маҳаллий узум нави”, “энг яхши вино маҳсулоти” каби номинацияларда ўтказиладиган республика кўрик танлови таъсис этилади.
2022 йил 1 январдан маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланади.
2021 йил 1 августдан 2024 йил 1 январгача бўлган муддатда импорт қилинаётган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган узумчилик ва виночилик соҳасида қўлланиладиган хомашё, ускуналар, махсус техникалар, эҳтиёт қисмлар, шунингдек, эман бочкалар ва зангламайдиган сиғимлар ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилади (рўйхат билан танишинг).