Соғлом бузоқ олиш ва сақлаб қолиш

Бўғоз сигирларни ва ғуножинларни озиқлантириш меъёрлар асосида амалга оширилиши керак. Унда уларнинг тирик вазни, семизлиги, бўғозлик даврига ва келгуси лактасиядаги сут миқдорига қараб амалга оширилади.

Бўғозликнинг иккинчи давридан бошлаб албатта ҳомиланинг ўсиши ва ривожланиши учун қўшимча тўйимли моддалар берилишини тақоза қилади. Бу борада сигирларни бўғозлик даврига қараб сутдан чиқариш муҳим аҳамият касб этади. Сутдан чиқариш сигирнинг ҳолати ва сут маҳсулдорлиги асосида амалга оширилади. Бу жараён секин-аста сигир ҳолатига зарар кўрсатмаган ҳолда ўтказилади.

Сигирларни туғишдан олдин дам олиши шарт. Бу даврда улар лактасия давомида йўқотган моддаларни танасида тўплаб олади ва ҳомила яхши ривожланиши учун шароит яратилади.

Бу давр сигирлар маҳсулдорлигига қараб 45-60 кун бўлиши керак. Айниқса ориқ сигирлар учун бу муддат 10-15 кунга узайтирилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Сигирларни сутдан чиқариш секин 5-10 кун давомида амалга оширилади. Дастлаб рациондан сут ҳайдовчи озиқалар (ширали ва кучли озиқалар) чиқарилади. Соғимлар сони камайтирилади. Дастлаб 2 соғим 1 соғимга, кейин кун ора ва хоказо, 3-4 л сут берадиган сигирлар бирдан сутдан чиқариб юборилса бўлаверади.

Сигирларни туғишдан олдин дам олиш давомида уларнинг елини ҳолатини кузатиб бориш керак. Чунки шу даврда у тикланиб кўплаб янги без ҳужайралари ҳосил бўлади. Бу эса улар сут маҳсулдорлиги ва сутнинг таркибидаги ёғлилик даражасига таъсир қилади.

Бўғоз сигир ва ғуножинлар туғишига 7-10 кун қолганда туғруқ цехи ёки бўлимига ўтказилади. Сигирлар рационидан ҳажмли ва кучли озиқалар чиқариб ташланади ёки камайтирилади. Улар боғламасдан сақланиб, иложи борича ҳар куни яйратилади. Озиқлантириш ҳар бир ҳайвон ҳолати, туғиш муддатига қараб ташкил қилинади.

Сутчилик фермер хўжаликларида бўғоз сигирлар қабул қилинган технология асосида озиқлантирилади. Туғишдан олдин дам олиш даврида нотўғри озиқлантириш ва сақлаш сигирлар туққанидан кейин ноҳуш ҳодисаларга сабаб бўлади (туғиш парези). Сигир ва ғуножинлар махсус катакларда (денник) туғдирилади. Сигир туғиб бўлгандан кейин 1-2 кун бузоғи билан сақланади. Кейин бузоқ профилакторияга ўтказилади. Дастлаб янги туғилган бузоқларга алоҳида сақлаш шароитлари яратиб бериш керак. Дастлабки кунлар ҳарорат 20-24°С бўлиши керак. 15 кундан кейин бузоклар бузоқхонага ўтказилиб 10-15 бошдан гуруҳлаб сақланади. Албатта бузоқлар 5-6 кун увиз сутини ичиши шарт. Кейин аралаш ёғи олинмаган сут ичиришга ўтказилади.

Related posts

Чорва молларини ташиш қоидалари

Қутуриш касаллиги хавфи ва профилактикаси

Қуёнларни бўрдоқига боқиш бўйича тавсиялар