Барча ҳудудларда асаларилар эркин қишлайди. Ҳар бир асосий оилага нормадаги 18 кг ўрнига 7-9 кг асал қолдирилади. Арихонада энг кўп озиқ захираси бўлган оилалар бир мавсумда энг кўп миқдорда асал йиғади. Оиланинг сентябр ойидан феврал ойига қадар бўлган даврдаги тахминий озиқ сарфи бир суткада 40-50 г (ойига 1,2-1,5 кг), феврал ойида 100-200 г (ойига 2,8-4,2 кг), март ойида 200-250 г (ойига 6,2-7,8 кг), апрел ойида 400-500 г (ойига 15 кг) ни ташкил этади.
Бир мавсумда йиғилган асалнинг ортиқчаси (кучли оилаларда асал кўп йиғилади) дон солинадиган қутиларда сақланади. Озиқнинг сифати асалариларнинг яхши қишлашида ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Тоғ шароитида ҳар хил ўсимликлар гулидан йиғилган асал, бир хил ўсимликлар – пахта, оққурай, беда гулидан йиғилган асалга нисбатан сифатлироқ бўлади.
Кейинги пайтларда кўпчилик асаларичилар қишловга кириш олдидан перга ўрнига қанд шарбатини берадиган бўлдилар. Натижада, асалари ўзига керак бўлган оқсил моддани ўз танасидаги захира оқсил ҳисобидан олади. Табиий асал таркибида бўлган оқсил модда асалари организмидаги сарфланган оқсил ўрнини тўлдиради. Бундай оилалар қанд шарбати билан қишловдан чиққан оилаларга нисбатан 29-46% кўпроқ наслни тарбиялаб етиштиради.
Кузда асаларилар 10 кг қандни қайта ишлаган бўлса, бу 1 кг асалари етиштириш билан баробардир. Яъни қанд шарбатини қайта ишлаб чиқишда асаларилар жуда тўзиб кетади. Текширишлардан маълум бўлишича, асаларилар кузда қанд шарбати билан озиқлантирилганда, уларнинг танасидаги азот қанд шарбатини қайта ишлашда қатнашмаган асалариларникига нисбатан 3,4% камайиб кетади. Водийдаги пахта гулидан олинган асал ҳавонинг қуруқ бўлиши натижасида қаттиқ кристалланиб қолади. Бундай шароитда уяда асал бўлишига қарамай, асаларилар очликдан нобуд бўлган ҳоллар ҳам учраган.
Асаларилар қишлови учун пахта гулидан олинган асалдан бошқа асал бўлмаган тақдирда унинг 50% қисмини олиб, ўрнига қанд шарбати қуйиш керак.
Қўшимча озиқ беришни сентябр ойидан қолдирмаслик лозим. Бу вақтда шувоқ, беда, маккажўхори кабиларнинг чанги кўп бўлади ва асаларилар сарфланган оқсилнинг ўрнини қишгача тўлдириш мумкин.
Асаларилар қишлаши учун қанд шарбатини (1,5 кг қанднинг 1 л сувдаги эритмаси) ишлатиш мумкин. Бундай шарбатни қайта ишлашда асаларилар қандни кам сарфлайди. Бундай шарбатга 10% асал ва ҳар бир литрига 0,3 см3 кучли сирка кислота қўшилса яхши бўлади. Асаларилар озиқни олиб ўтганда унинг ромлар бўйича жойлаштирилишига қараш керак.
Кам асалли ромларни (печатланган бўлса очиш лозим) ичкарига қўйиш даркор. Шунда асаларилар асални уянинг марказига қўйиш имконига эга бўлади. Қишловга кираётган нуклеусли оилалар ва пархишлар қанд шарбатини тўлиқ қайта ишлай олмайди. Шу сабабли уларга тайёр асалли ромлар қўйиш керак.
Манба: mirishkor.uz
[print-me]