Учқора майизини етиштиришнинг нозик жиҳатлари

Қадим-қадимдан Хатирчи миришкор деҳқон ва боғбонлари билан донг таратган. Сир емас, Хатирчининг атроф-ҳудудларидаги ерлар, асосан, қир-адирлардан иборат бўлгани боис одамлар ғаллачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик билан шуғулланади.

Ҳар йили токзорлардан катта миқдорда узум йиғиб олинади. Ҳосилнинг асосий қисмини эса майиз, яъни қора кишмиш ташкил этади. Бу заминда етиштирилган узумлар ширин, мазали ва чиройли бўлиши билан бирга, қуёш нурида ранг-баранг тусда товланади. Кишмиш харидорларини унинг мазаси билан бирга, шакли ҳамда ранги ҳам кўпроқ мафтун этади. Шу боис хатирчиликларнинг Учқора майизи довруғи узоқ манзилларга ҳам ёйилган. Кўпчилик Учқора майизининг таъми, ширадорлигига ҳавасманд. Айримлар ўз томорқасига ана шу ток қаламчаларини олиб келиб ўтқазган, бироқ бу иш фойда бермаган. Шираси тилни ёрадиган қора майизларни фақат Хатирчи шароитидагина етиштириш мумкин.

Кеч кузда ток новдаси бир метргача баландликда тупроқ ташлаб кўмилади.

Сўнгра токзор ичи чуқур қилиб ағдарилади. Шундай қилинганда келаси йили узумзордан кўзланган ҳосилни олиш мумкин. Ҳар бир соҳибкор бунга сўзсиз амал қилади. Ҳа, боғбонликнинг, узум етиштиришнинг ўзига хос мураккаб сир-асрорлари бор. У инсондан меҳр ва катта меҳнат талаб қилади.

Даромад ҳосилдорликни ошириш учун токлар эски девор кесаги, чириган гўнг ва бошқа маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилаётган бўлса, касалликларнинг олдини олиш мақсадида зарур ўғитлардан меъёр даражасида фойдаланил­япти. Аслида ток парваришлаш ҳадисини олган миришкор боғбонларнинг айтишича, ҳар бир гектардан ўртача 2500 минг туп ток парваришлаб, 10-12 тоннагача узум олишга эришилмоқда.

Довруғи дунёга достон Хатирчининг Тасмачи, Учқора, Мирдош сингари бозорларида, асосан, учқора майизи олди-сотдиси қизийди.

Харидорлар орасида Россия, Болтиқ бўйи, Белорус ва ҳатто, Туркия ҳамда Эрон давлатлари саноатчиларини ҳам учратиш мумкин. Уларни Хатирчи заминида тайёрланган ширадор, таркибида қанд моддаси 30-35% га етадиган шифобахш неъмат қизиқтиради.

Учқора майизини тайёрлаш жараёни қизиқ. Дастлаб, майдон текис қилиб лойсувоқ қилинади, қуригандан сўнг узумнинг қора ва оқ кишмиш навлари ёйилиб, қуёшда қуритилади. Бу усулда узум 20-25 кун давомида қуритилади. Майиз тайёрлашнинг «сояки» усули ҳам бор. Сир эмас, сояки майизлар янада ширадор, янада шифобахш ҳисобланиб, бозорларда анча харидоргир. Сояки майиз қуёш нури тушмайдиган, елвизак эсиб туриши учун деворлари қўш тешикли махсус хоналарда осиб қўйиб қуритилади.

Аслида боғни боғ қиладиган — бу боғбон. Биргина токни кўмишнинг ўзи машаққат. Ҳар бир тупнинг устига икки 100-300 килограммгача тупроқ ташлаш керак. Токлар кўмилмаса, етарли ҳосил бермайди. Чунки ток тупроқни хуш кўради. Шу сабаб уни кўмишда қанча қалин тупроқ тортсангиз, шунча яхши. Чунки ток новдаларини қаҳратонда совуқ урмайди, қолаверса, ҳосил бўлган чуқурда яхоб суви тўпланади. Бу сувдан қонган токнинг ҳосили мўлжалдагидан анча кўп бўлиши кузатилган. Хатирчи боғбонлари токларни кузда баландлиги бир метр тупроқ билан кўмишади.

Уста боғбонлар қиш чилласида — 25 декабрдан 5 февралгача ерга яхоб суви бериш — мўл ҳосил гаровидир, деб айтишади. Эҳтимол, «Чиллада суғорилган ток — чил ботмон узум беради», деган гап шундан қолгандир.

Хатирчи қишлоқларидаги соҳибкор боғбонлар ток тупларини кўмишда уларни узун кесишни тавсия етади. Шундан бу ерлик маҳаллий аҳоли орасида «Тўрт занг — қирқ маданг», деган мақол юради. Соҳибкорлар токнинг кўп йиллик юғон танасини «занг», ундан ўсиб чиқадиган ва қаттиқлашган қисмини «маданг», ундан ўсиб чиқадиган новдаларни эса «панжа», деб аташади. Маданг ҳар йили қайтариқ қилиб турилса, зангга айланади. Унгача токни кесаётганда, ҳар 4 та зангга 40 маданг қолдириш тавсия этилади. Аслида ҳам токни шу тарзда парвариш қилиш ўсимликнинг узоқ умр кўриши ва мўл ҳосил олиш гаровидир.

Манба: mygarden.uz

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар