Асаларининг Европа чириш касаллиги қандай тарқалади

Европа чириши юқумли касаллик бўлиб, аввало, очиқ сўнгра ёпиқ наслда бўлади. Касаллик асосан, асаларининг тухумдан чиққан наслини шикастлантиради. Эркак ари наслини камроқ зарарлантиради. Касалланиш личинкалар тухумдан чиққандан кейин 3-4 куни бошланади. Касалликнинг келиб чиқишига ҳавонинг булутли, намли бўлиши, арихонанинг совуқда қолиши, озиқнинг етарли бўлмаслиги ва шунга ўхшаш асалари оиласини кучсизлантирадиган омиллар сабаб бўлади. Касалликни қўзғатувчи стрептококклар пергада бутун қиш давомида сақланиб қолиши мумкин.

Мум инлар ва асалда еса бутун йил мобайнида сақланади. Одатда, мум инларни эритиб олиш вақтида стрептококклар ҳалок бўлади. Дезинфексия қиладиган воситалар стрептококкларни бўғади. Жумладан формалин буғи 30 дақиқадан кейин, 4% ли формалин буғи эритмаси 1 соатдан кейин, 2% ли хинозол эритмаси 10 дақиқадан кейин касал қўзғатувчисини қириб юборади.

Касалликнинг тарқалиш йўллари

Касал асалари оилалари асосий касаллик тарқатувчи манба ҳисобланади. Чунки бундай оилада плутон стрептококклари асаларида, асалда ва мум инларда бўлади. Оила ичида касалликни ёш асаларилар тарқатади. Буларнинг организмида чириш касалининг қўзғатувчилари кўпая олмайди, шунинг учун ҳам ёш асаларилар касал бўлмайди.

Улар ўлик личинкаларни чиқариб ташлаётганда, инларни тозалаётганда, оғзи ва бошқа органларини микроб уруғлари билан булғайди. Сўнг микробларни бутун арихона бўйлаб тарқатади, асал ва пергага ҳам юқтиради.

Личинкалар захарланган асал ҳамда перга билан озиқланади. Она асалари Европа чириш касалини ўзининг наслига юқтиради. Касаллик бир оиладан иккинчи оилага ўғри-ишчи асаларилар, эркак арилар, умумий сув идиши орқали, ром алмаштириш вақтида ўтиши мумкин. Ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилмаслик, яъни касал ва соғлом оила билан ишлашда бир асбоб, бир кийимдан фойдаланиш касаллик тарқалишига сабаб бўлади.

Касалликнинг кечиши

Европа чириши баҳорда ва ёзнинг биринчи ярмида кўпроқ учрайди. Кузга бориб личинкаларнинг касал бўлиши камаяди. Касалликни қўзғатувчи микроб озиқ билан личинка ичагида тез кўпаяди, ичакни ва кейинчалик бутун организмни емиради.

Касалликнинг бошланишида мум инларнинг иккала томонида айрим касалланган личинкаларни учратиш мумкин. Агар асаларилар инларни қалин ўраб олган бўлса, заҳарланган личинкаларни сезмай қолиш мумкин. Шунинг учун ромларни текширганда личинкаларни яхшилаб кузатиш керак.

Касаллик кучайиши билан касал личинкалар ромларда кўп миқдорда учрайди. Личинкалар зарарлангандан 2 кун ўтгандаёқ сарғая бошлайди. Кейинчалик асалари насли ола-була рангга киради. Чунки уяда соғлом личинкалардан ташқари касалланган, ўлган ва қуриб қолганлари бўлади.

Касаллик белгилари

Европа чириш касали личинка танасининг формаси, ранги ўзгаришидан, уларнинг мум катакда жойлашиш ҳолатидан бошланади. Соғлом личинкалар оқ-садаф рангли, эластик бўлиб, мум катак тагида ҳалқасимон ўралиб ётади.

Европа чириш касали билан зарарланган личинкалар эса ранги сариқ бўлиб, эластиклиги йўқолади, сўлғин кўринади. Ўлган личинкалар аввало сариқ, сўнгра қуриб қорамтир ранга киради. Касаллик белгилари лабораторияда патологик ўрганиш натижасида аниқланади.

Манба: “Асалари – фойда бари” қўлланмаси, С. Мамасотийев, Н Ҳошимов

Related posts

Асаларичиликда февраль ойида бажариладиган ишлар

Асаларичиликда август ойида бажариладиган ишлар

Асаларичиликда май ойида бажариладиган ишлар