Асаларичиликда вазиятларга қараб, арихоналарнинг жойини ўзгартириш, янги ширали ўсимликлар яқинида кўчириш керак бўлади. Асалари оиласини узоқ масофаларга кўчириш учун автомобил транспортидан фойдаланиш мумкин. Лекин автомобил ўрнига тракторга тиркаладиган тележкалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Тиркама тележкалар бир, икки ва кўп ўқли этиб ишлаб чиқарилади. Тиркама тележка ва унинг устидаги юкнинг оғирлиги ерга, унинг ғилдираклари орқали узатилади.
Ярим тиркама кўринишидаги тележка ҳам ишлатилиши мумкин. Унинг оғирлигининг бир қисми бевосита ўзининг ғилдиракларига, қолган қисми эса тележкани судрайдиган автомобил (трактор)га тушади. Кузови платформа шаклида бўлган икки ўқли тележка турли юклар (пахта, буғдой, пичан)ни ташиш учун ҳам ишлатилади.
Тележка рамасига кузов, тиркаш қурилмаси, бурилиш механизми, юритиш воситалари каби қисмлар ўрнатилади. Бурилиш механизми катта диаметрли шарикли подшипник кўринишида ясалади. Подшипникнинг ташқи халқаси тиркаш курилмасига, ички халқаси тележканинг қўзғалмас рамасига боғланган. Судраш кучи рамага шариклар орқали ўтади.
Бир ўқли тележка 2 тоннагача, икки ўқлиси 8 тоннагача бўлган юкни ташиш учун ишлаб чиқарилади. Айрим тележка рамаси баланд, айримларники паст жойлаштирилади.
Тележка ғилдираклари гидравлик, кинематик ёки механик тормозлар билан жиҳозланади.
Арихоналарни оддий тележкаларга икки-уч қаторлаб, бир-икки яруслаб (қаватлаб) жойлаштириб, қўзғалмайдиган ҳолатда қотириб қўйгандан сўнг уларни кўчириш мумкин. Кўчиришдан олдин асалари қутилари асаларилар чиқмайдиган қилиб, зич ёпилади. Кўчиш вақтида тележка (арава, автомобил) йўл нотекисликларида силкинади, демак, арихона ҳам силкитилади.
Асаларилар тинчлиги бузилади. Уларнинг жисмоний фаоллиги ошади. Натижада арихона ичидаги ҳаво ҳарорати 37-38°С гача (нормада 34-35°С) кўтарилиб, айрим ромлардаги мумлари юмшаб, ёпиштирилган жойидан узилиб тушадиган бўлади. Оқибатда кўп асалариларни босиб қолиши ва улар нобуд бўлишлари мумкин. Демак, асалари оиласини кундузги иссиқ кунда эмас, тунги салқин вақтда кўчириш керак бўлади.
Имконият бўлса, арихоналарни доимо сақлаш учун трактор тележкалардан ясалган асалари павилонларидан фойдаланиши кўп ишни енгиллаштиради.
Тележка рамасининг устига икки ярусли майдончалар ўрнатилиб, асалари учун қулай шароит яратилган. Пахтачилик туманларига мўлжаллаб ишлаб чиқарилган тележка асосида ясалган кўчма павилёнга 40 тагача арихона сиғади.
Павилён устига оқ рангли матодан соябон ўрнатиш катта фойда келтиради. Павилёнда жойлаштирилган арихоналар орасидан ҳаво ўтиб туради. Рамалар остига тоғораларга ўхшаш идиш жойлаштирилиб, асаларилар учун ичимлик сувини сақлаш мумкин.
Павилёнга айлантирилган тележканинг эни 2,5 метрдан ошмаслиги керак. Акс ҳолда кўчада юриш қоидаларига жавоб бермайдиган бўлади.
Манба: «Асаларичиликни ривожлантириш асослари», Қаҳрамонов Б.А., Исамуҳаммедов А.И., Балласов У.Ш.
[print-me]